“Sog`lom avlod uchun” фонди томонидан 2022-2023-ўқув йили болаларнинг ёзги таътил вақтларида дам олишларини мазмунли ҳамда қизиқарли тарзда ташкил этиш мақсадида алоҳида чора-тадбирлари режаси ишлаб чиқилган бўлиб, ҳозирда мазкур дастурни изчил амалга оширишга катта аҳамият қаратилмоқда.
Дастурга мувофиқ, кўп болали ва кам таъминланган оилалар фарзандлари, “Меҳрибонлик” уйлари, махсус мактаб-интернатлари тарбияланувчилари, ногирон болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган дастурлар бўйича тиббий, хайрия ва маданий-маърифий йўналишларда бир қатор ишларни амалга ошириб келмоқда.

2023 йил ёз ойларида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар болаларини қўллаб-қувватлаш, таътил кунларининг мароқли ўтишини ташкил этиш мақсадида фонднинг ҳамкорлари кўмагида Тиббий-ижтимоий марказ ҳудудида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар болалар учун соғломлаштириш маркази - оромгоҳи ташкил этилган.
Ушбу марказда футбол, волейбол, баскетбол, теннис майдонлари, болалар учун ошхона, ётоқхона, ювиниш ҳамда кийим алмаштириш хоналари мавжуд бўлиб, барча шароитлар яратилган ҳамда кундузги соғломлаштириш марказида бир мавсум мобайнида 40 нафар бола жалб этилди.

Жорий йилнинг 10-22 июль кунлари “Sog`lom avlod uchun” фонди Тиббий-ижтимоий маркази ҳудудида “Sog‘lom avlod-2023” болалар кундузги соғломлаштириш марказининг навбатдаги соғломлаштириш, дам олдириш жараёни ташкил этилди.
Мазкур болалар кундузги соғломлаштириш марказига болаларни жалб этиш учун Юнусобод, Шайхонтоҳур, Олмазор туманлари ҳудудида истиқомат қилувчи ва шу билан бирга, “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”да турувчи ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари рўйхати шакллантирилди.

“Sog‘lom avlod-2023” болалар кундузги соғломлаштириш маркази раҳбари Алишер Ариповнинг айтишича, ёзги соғломлаштириш марказида болажонлар доимий равишда тиббиёт ходимлари назоратида. Улар 12 кун дам олиш давомида тиббий кўрикдан ўтишади, витаминлар, шунингдек, уч маҳал иссиқ овқат билан таъминланади. Бундан ташқари,турли хил спорт, маданий-маърифий машғулотлар билан шуғулланишлари учун барча шароитлар яратилган.
Н.Усмонова, ЎзА