Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёзги таътил мактаб оромгоҳида соз ўтмоқда
18:16 / 2023-07-19

Ёз – болаларнинг севимли фасли. Бу вақтда улар мактабдаги юкламалардан енгиллаб, асосан ўйин билан машғул бўлишади. Лекин бу уч ойлик фурсат сермазмун, ёрқин хотираларга бой бўлиши, болани ҳам маданий, ҳам маънавий куч-қувватга тўлдириб, ўқув жараёнига тайёрлаши зарур.

Бугунги кунда мактабларда ташкил қилинаётган стационар оромгоҳлардан ҳам кўзланган мақсад ана шу аслида. Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманидаги 330-умумтаълим мактабида ҳам ўқувчиларнинг ёз мавсумида бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида ёзги оромгоҳ фаолияти йўлга қўйилган. Бу борада мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда педагоглар махсус ўқув дастурлар асосида ўқитилиб, услубий қўлланмалар ишлаб чиқилгани, уларнинг белгиланган тартиб асосида иш олиб боришлари учун намунавий иш режаси тайёрланганини алоҳида таъкидлаш жоиз.  

Мактабда ўқувчилар соат 8:30 дан 16:30 га қадар дам олиб, ҳордиқ чиқаради. Бу вақтда улар инглиз, рус тили тўгараклари, шахмат-шашка, теннис, футбол ва волейбол каби ўқув машғулотларига қатнашиш билан бирга тажрибали мутахассислар томонидан тикиш-бичиш, пазандалик, ҳунармандлик каби касб-ҳунарларга ҳам йўналтирилмоқда. Машғулотларнинг қизиқарли, ўйинлар воситасида ўтказилаётгани болаларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Шунинг учун мактаб оромгоҳи жуда гавжум. Ўқувчиларнинг ахборот технологиялари воситаларидан фойдаланиш кўникмаларини оширишга кенгроқ ўрин берилиши режалаштирилмоқда. 

Болалар ўртасида китобхонлик маданиятини янада шакллантириш мақсадида оромгоҳга янги болалар адабиётлари келтирилиб, kitob.uz платформасидан адабиётларнинг электрон ва аудио шаклларидан фойдаланиш бўйича шароитлар яратилгани, “Фарзандимга китоб совға қиламан”, “Бир болага уч китоб” акцияларининг бўлиб ўтгани эътиборга молик.  

Оромгоҳдаги болалар билан ўтказилаётган суҳбатларда уларнинг аксарияти расм чизиш, спорт, дастурлаш, шахмат билан шуғулланишни, рақамли касбларни — видеоблоглар, дизайн, 3D моделлаштиришни ўрганишни исташини билдирган. Шу боис бу йўналишларга кўпроқ аҳамият қаратилиши зарур.  

Болаларнинг мактаб оромгоҳидаги яна бир севимли жойи — ёзги бассейн. Улар бассейнда мазза қилиб чўмилиб, таналарини чиниқтираётир. Жазирама кунларда сув танага малҳам, руҳиятга дам беради. 

Бир сўз билан айтганда, мактабда ташкил қилинган оромгоҳ кўплаб ўқувчиларни ўзига жалб қилиб, таътил кунларининг мазмунли ўтишига имкон яратмоқда. Бундан ташқари, мактаб билан узвийликда бўлган бола  янги ўқув йилида деярли ҳеч қандай стрессларсиз ўқишга қайтадилар.  

Матлуба Насриддинова, 

Янгиҳаёт туманидаги 330-умумтаълим мактаби ўқитувчиси

ЎзА