Ёзги таътил тугаб, болажонларимиз яна қадрдон мактабларида янги ўқув йилини бошлади. Таътил пайтида уларни соғломлаштириш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти томонидан маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда зарур чора-тадбирлар кўрилди.
Жумладан, Самарқанд вилоятининг сўлим масканларидаги 13 та доимий оромгоҳ ҳамда 57 та умумтаълим мактабида ташкил этилган соғломлаштириш майдончаларида ёзги таътил давомида болалар мириқиб ҳордиқ чиқарди, фойдали машғулотлар билан банд бўлди.
– Жорий йилги мавсумда вилоятимиздаги 13 та стационар оромгоҳда 8000 нафар болани дам олдириш режалаштирилиб, амалда 8473 нафар бола соғломлаштирилди, – дейди Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи Феруза Қиличева. – Таълим масканларида ёзги таътил даврида фаолият кўрсатган 57 та кундузги оромгоҳда эса 12800 нафардан ортиқ болаларни қамраб олиш режалаштирилиб, бу натижага ҳам эришилди. Ўтган йил билан солиштирганда натижаларимиз яхши бўлди. Чунки, 2024 йилда сўнгги давраларда оромгоҳларга дам олувчиларни жалб қилиш мураккаб бўлган эди ва шу сабабли белгиланган режа 94 фоизга бажарилганди.
[gallery-25164]
Бизнинг департамент тизимидаги 10 та доимий оромгоҳда беш даврада 6860 нафар болажон дам олиб, таътилни мароқли ўтказишига имконият яратилди. Бу йил, айниқса, “Баҳора”, “Самарқанд”, “Чорчинор”, “Камалак жилоси”, “Қувноқ”, “Қўшчинор” оромгоҳларида дам олувчилар ҳар йилгидан кўп бўлди. Ота-оналар оромгоҳлар йўлланмаларини тўлиқ “Oromgohlar.uz” электрон платформаси орқали харид қилдилар. Бу турли хил коррупциявий ҳолатлар ва оворагарчиликларнинг олдини олиб, ота-оналарга йўлланмаларни шаффоф ва қулай тарзда онлайн сотиб олиш имконини берди. Шу боис бизга ҳам қонунга зид ҳолатлар юзасидан мурожаатлар, норозиликлар бўлмади. Яна бир эътиборли томони – болаларнинг соғлом ва сифатли овқатланишини таъминлаш мақсадида барча оромгоҳларда аутсорсинг хизмати йўлга қўйилди. Оромгоҳларга етказиб берилаётган овқатлар ва бошқа хизматлар департамент ҳамда санэпидқўмита ҳудудий бўлимлари томонидан доимий мониторинг қилиб борилди. Бу борада оромгоҳларда ишловчи ходимлар, дам олувчилар ва ота-оналар билан мунтазам алоқа ўрнатиб, ҳамкорликда ишладик. Жорий йилги мавсумда оромгоҳларда ҳар бир бола учун бир кунлик овқатланиш нархи 50 минг 330 сўм этиб белгиланган эди ва бу маблағ болаларнинг соғлом, сифатли таомланиши учун етарли бўлди.
Болалар оромгоҳларда бўладиган даврида озиқ-овқат таъминоти билан бирга уларнинг саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, маънавий оламини бойитиш, таълим-тарбия ишлари ҳам энг муҳим масалалалардан ҳисобланади. Бу борада соғлиқни сақлаш, ички ишлар идоралари, маънавият ва маърифат марказлари ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан зарур чора-тадбирлар кўрилди.
Мавсум олдидан оромгоҳларда фаолият юритиши белгиланган 60 нафар тарбиячи, 60 нафар етакчи ва қўшимча 112 нафар захира педагог билан суҳбат ва ўқувлар ўтказилиб, уларнинг вазифалари, зиммасидаги масъулият тушунтирилган эди. Бу албатта, маданий-маърифий ва спорт тадбирларини юқори савияда ўтказишга хизмат қилди.
Ф.Қиличеванинг таъкидлашича, бу йил оромгоҳларда ўтказиладиган барча маънавий-маърифий ва маданий-спорт тадбирлари 12 кунлик намунавий дастур асосида ўтказилди. Ҳар бир кунга “Салом, оромгоҳ!”, “Болалар фестивали куни”, “Ҳарбий ватанпарварлик куни”, “Миллий қадриятлар куни”, “Ижод ва истеъдод куни”, “Она табиатни асраш куни”, “Моҳир қўллар – касб-ҳунар куни” каби номланиб, турли тадбирлар, танлов ва мусобақалар ташкил этилди. Бу тадбирлар Янги Ўзбекистон болаларини ҳар томонлама баркамол, жисмонан бақувват, миллий ғурур ва Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга қаратилди.
Китобхон ва билимдон болажонлар сафини кенгайтириш мақсадида вилоятимиздаги “Чорчинор”, “Илм зиёси”, “Қувноқ”, “Шабнам”, “Баҳора”, “Камалак жилоси” оромгоҳларда кутубхоналар ташкил этилди. Мавжуд кутубхоналар китоб фонди бойитилди. Бу муассасаларда ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилиб, 6000 га яқин бадиий адабиётлар, тарихий асарлар, газета ва журналлар билан таъминланди. Бундан ташқари барча оромгоҳларда мавсум давомида 12 турдаги фан ва спорт тўгараклари, “Лего”, “Караоке”, “Қум”, “Медиа”, “Тил ўрганиш”, “Кубик-рубик” клублари фаолият олиб борди.
– Мавсум давомида оромгоҳлар фаолиятидаги айрим камчиликлар, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар ҳам кўриниб қолди ва бу борада ўз олдимизга янги вазифаларни белгилаб олдик, – деди ўз сўзи якунида Ф.Қиличева. – Бу вазифаларни келгуси мавсумни кутмай, ҳозирдан бажаришни бошладик. Демоқчиманки, жорий йилги мавсум тугаши билан келгуси мавсумга тайёргарликка киришдик.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари