Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерациясининг Ширин шаҳар жамияти томонидан шаҳардаги умумтаълим мактаблари қошида фаолият олиб бораётган ёзги оромгоҳлар ҳолати ўрганилди.
Мониторинг жараёнида оромгоҳларда болалар учун яратилган шароитлар, овқатланиш тартиби, гигиена қоидаларига риоя қилиниши ва тиббий хизмат кўрсатилиши ҳолатлари атрофлича кўриб чиқилди.

Ҳозирги кунда Ширин шаҳридаги 1- ва 3-сон умумтаълим мактаблари қошида ташкил этилган ёзги оромгоҳларда жами 200 нафарга яқин 1–6-синф ўқувчилари дам олмоқда. Улар орасида кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандлари ҳам бор.

Оромгоҳларда болалар учун икки маҳал иссиқ овқат бериш йўлга қўйилган. Шунингдек, болалар фан тўгараклари, спорт мусобақалари, ижодий машғулотлар, мусиқа ва миллий ўйинлар асосида ташкил этилган дастурларда фаол қатнашаяпти. Бу эса болаларнинг ёзги таътилни мазмунли ва самарали ўтказишларида муҳим аҳамият касб этмоқда.


Ўрганиш натижасида ёзги оромгоҳлар фаолияти белгиланган меъёрлар асосида йўлга қўйилгани, санитария-гигиена талабларига риоя этилаётгани ижобий баҳоланди. Шу билан бирга, айрим техник ва ташкилий масалалар бўйича аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан оромгоҳлар маъмуриятига тегишли тавсия ва огоҳлантиришлар берилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири