Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёзадиган фотограф ёди
18:37 / 2024-07-25

«Синглим Назокатга муаллифдан. Ш.Р. 25.04.21" Қўлимда ажойиб бир китоб қолди. Уни атоқли фотоижодкор, журналист ва ўта самимий ва оқкўнгил инсон Рустам Шагаев ана шундай дастхат билан совға қилган эди. Афсус, ҳаётнинг бешафқат қонунлари бор…

Рустам Шагаевни журналистиканинг машаққатли дунёсига кириб келганимдан буён танирдим. Ўта камгап, жиддий, ўз ишининг устаси эди. У шунчаки фотомухбир эмас, катта ҳарфлар билан ёзса арзигулик ижодкор эди.  

Рустам ака Шагаев авваллари ЎзТАГ, кейинчалик Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги деб қайта ташкил этилган медиа маконда 1969 йилдан буён фотомухбир, шарҳловчи, фоторассом сифатида самарали фаолият кўрсатиб келган.

Гарчи фотоижодкор бўлсаларда, журналистиканинг фотофелетон, фотоочерк, лавҳа, адабий портрет, фоторепортаж, эссе ва бошқа кўплаб жанрларида юзлаб ибрат олса арзигулик материаллар тайёрлаган эди. Бу материалларнинг ўзига хослиги шунда эдики, улар жуда енгил, бир лаҳзада ўқилиши билан бирга юракка ҳам осон етиб борарди. Ахир, кўнгилдан чиқариб ёзилган мақола кўнгилга етиб борадида!  

Рустам ака ёзган очерклари, мақолаларини ҳали сиёҳи қуриб улгурмасидан, таҳририятнинг ўзида катта қизиқиш ва иштиёқ билан ўқиб чиқардик.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида бир эмас, бир этак болани ўз фарзандидек билиб, сўнгги нонини баҳам кўрган, уйи тўридан жой берган Шоаҳмад Шомаҳмудов ва Баҳри аялар болаларининг келгусидаги тақдири ҳақидаги очерк ҳеч кимни бефарқ қолдирмаган эди. Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповдек жўмард, айни дамда беғубор, ўз юртини ҳаддан ортиқ севган инсонни, буюк шахснинг руҳий дунёсини ҳануз ҳеч ким Рустам ака Шагаевнинг «Шоир дастхати» номли китобидагидек очиб бера олган эмас!

«У сўнгги нафасигача меҳнат қилган эди» очерки Ўзбекистон халқ рассоми Чингиз Аҳмаров ҳаётнинг биз билмаган қирралари, инсоний фазилатлари оддий ва айни дамда жуда таъсирчан тарзда очиб берилган.

Рустам аканинг «Бир сурат тарихи» номли очерки сўхлик меҳнаткаш, пири бадавлат инсон Эргаш ота Ҳасанов ҳаётидан сўзлашидан кўра, шўро даврининг салла деса, каллани олувчи мафкура «маликаси»нинг қилмишларини фош этиши билан аҳамиятлидир.

Муаллифнинг «Шароф Рашидов ҳақида сўз», «Рўзи Чориев», «Туҳфа», «Насибанинг мафтункор овози», «Нур улашаётган Зулфия», «Хонанда ва рассом дўстлиги», «Ўзбек геологиясининг дарғаси», «Муножат портрети», «НАТО бош котибининг мактуби», «Етти терак» каби очерклари ҳам билимга, ҳам қизиқарли факт ва маълумотларга ўч ўқувчи томонидан лаҳзада ўқилади. «Афғон кундалиги. Ер ва одамлар» номли туркум таҳлилий репортажлари жафокаш афғон халқининг оғир ҳаёти, орзу-армонлари, тинчликнинг қадр-қимматидан сўзлайди. Материалларнинг аҳамиятли жиҳати улар муаллифнинг ўзи олган ва воқеликнинг борича, борлиғича ёндашган суратларга бойлиги билан ғоят қадрли эканидадир.

Бу материаллар ҳар қандай ижодий танловда Рустам акага ғолиблик келтириши аниқ эди. Бироқ муаллиф уларни кўтариб, танловма-танлов чопмади, мукофотларга интилмади. Зеро, энг яхши баҳони халқнинг ўзи бериб бўлган эди.  

Рустам ака Ватанимиз истиқлолига бағишланган фотокўргазмаларда фаол қатнашган. Ўз ижод намуналаридан иборат бадиий кўргазмалари ҳам бир неча бор ташкил этилган эди. Унинг суратлари қаҳрамонининг ички дунёсидан, руҳиятидан сўзлайди. Унинг суратларида воқеликка ўзига хос ёндашув, муносабат акс эттирилган.

Санъатшунослар «Рустам ака, сиз фотографмисиз ёки мухбирмисиз?» , деб сўрашганида, «ёзадиган фотографман», деб жавоб берган эканлар. Устоз Рустам Шагаев бугун орамизда йўқ. Аммо у яратган ўзига хос ижод мактаби журналистикада ўз йўлини излаётган ёшлар учун мактаб бўлиб қолади!

Назокат Усмонова, ЎзА