Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёз ўтмоқда соз
11:14 / 2025-07-17

Сирдарё тумани “Шоликор” маҳалласидаги “Сирдарё” болалар соғломлаштириш оромгоҳи таъмирдан сўнг фаолиятини қайта бошлади.

Оромгоҳ 2023-2025 йилларда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси маблағлари ҳисобидан реконструкция қилинди. Бу ерда болажонлар мароқли дам олиши учун барча шароитлар яратилган. Ётоқхоналар, гигиена, изолятор, тиббий хизмат хоналари, 450 тонна сув сиғимига эга сузиш ҳавзаси, футбол, волейбол, баскетбол майдонлари ва югуриш йўлаклари болажонлар ихтиёрида.

– Биз ҳар бир бола ўзини хавфсиз, қадрланган ва бахтли ҳис этадиган муҳит яратишни мақсад қилганмиз, – дейди оромгоҳ директори Улуғбек Тўрақулов. –

Бу ерда нафақат дам олиш, балки билим ва қобилиятни ривожлантириш учун ҳам барча имкониятлар мавжуд. Кутубхонамизда 3000 дан ортиқ янги ўзбек ва жаҳон адабиётлари мавжуд. “Библиобус” ҳам ташриф буюради. Маданий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари ва интеллектуал ўйинлар болаларнинг дам олишини мазмунли ташкил этишга хизмат қилмоқда.

200 ўринли ошхона санитария талабларига тўлиқ жавоб беради. Омборхоналар, музлаткичлар, нон маҳсулотлари цехи мавжуд. Шунингдек, оромгоҳ боғида етиштирилган мева-сабзавотлар орқали болаларга табиий, сифатли ва витаминларга бой таомлар тайёрланади.

Ҳудуд хавфсизлиги доимий назоратда. У тўлиқ ўралган, 96 та кузатув камераси ўрнатилган. ИИБ, ФВБ ва Миллий гвардия томонидан 24 соатлик навбатчилик ташкил этилган. Биноларда ёнғин сенсорлари, 30 дан ортиқ ёнғин ўчиргич воситалари ва эвакуация схемалари жойлаштирилган. Бу йил оромгоҳда касаба уюшмалари тизимидаги корхоналарда фаолият юритувчи ишчи-ходимларнинг 6 ёшдан 13 ёшгача бўлган фарзандлари дам олмоқда.

Оромгоҳда ҳафтанинг ҳар бир кунига алоҳида мавзулар белгиланган бўлиб, болалар ушбу мавзулар асосида билим ва кўникмаларга эга бўлмоқда. “Энг билимдон бола”, “Заковат” каби интеллектуал танловлар, спортнинг шахмат, шашка, югуриш, сувда узоқ ва чалқанча сузиш турлари бўйича мусобақалар орқали болаларнинг тафаккур ва жисмоний фаоллиги оширилмоқда.

Ғулом Примов,

ЎзА мухбири