Ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, уларнинг таътил даврини мазмунли ташкил этиш – бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бирига айланган.
Айни шу мақсадда Жиззах вилоятининг шаҳар ва туманларида “Баркамол авлод” болалар мактабларида ўқувчиларининг ёзги таътил кунларини мазмунли ўтказиш мақсадида “Долзарб 90 кун” тадбирлари доирасида “Ёз оқшоми” деб номланган маданий-маърифий тадбир ташкил этилмоқда.
“Баркамол авлод – юрт келажаги” шиори остид ўтаётган маънавий-маърифий тадбирларни қандай ташкил этилаётганини кўриш мақсадида Дўстлик туманига келдик.
Дўстлик шаҳарчасидаги ёшлар инновацион майдонида “Долзарб 90 кун” лойиҳаси ижроси доирасида туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими тасарруфидаги “Баркамол авлод” болалар мактаби маъмурияти томонидан “Ёз оқшоми” деб номланган маданий-маърифий тадбир ташкил этилганига гувоҳ бўлдик.
Ушбу ижодий байрамда “Баркамол авлод” мактаби қошида фаолият юритиб келаётган тўгараклар аъзолари ўз иқтидорларини намоён этди. Ўқувчилар томонидан тайёрланган ранг-баранг саҳна кўринишлари, яратилган ижодий кўргазмалар, ментал арифметика асосидаги машқлар, қўшиқлар, рақс ва театрлаштирилган чиқишлар барчага хуш кайфият улашди.
Томошабинлар, меҳмонлар ва ота-оналар фарзандларининг ҳар бир чиқишини қизиқиш билан кузатиб, болаларнинг истеъдодларига тасаннолар айтди ва сабоқ берган устозларига миннатдорлик билдирди.
[gallery-24331]
– Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган “Долзарб 90 кун” дастури доирасида ўзларингиз гувоҳи бўлиб турганингиздек, “Баркамол авлод – юрт келажаги” шиори остида ўтаётган ижодий байрам болаларнинг қалбида жўш ураётган орзу ва режаларини рўёбга чиқариш ҳамда келажакка дадил қадам ташлашларида муҳим майдон бўлиб хизмат қилади, – дейди Дўстлик тумани “Баркамол авлод” болалар мактаби директори Саодат Сатторова. – Ҳозирги кунда мактабимизда 7 йўналиш бўйича 800 нафар тўгарак аъзолари қамраб олинган. Ўқувчиларнинг ёзги таътили давомида “Долзарб 90 кун” муносабати билан “Ақл чархи”, “Ким эпчилу, ким чаққон”, “Мен чўққини забт этаман”, “Ёз менинг тасаввуримда” мавзусида турли танлов, беллашув ва мусобақалар бўлиб ўтади.
Шунингдек, ёш экологлар, ҳунармандчилик, китобхонлик каби тўгаракларда ҳам бир қатор давра суҳбатлари, кўрик-танловлар ва қизиқарли беллашувлар, тарихий обидаларга саёҳатлар ташкил этилганини ҳам шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоиз.
Биз бевосита гувоҳи бўлган қўшиқ, рақс, спорт ва амалий санъат йўналишидаги намойишлар орқали ёшлар ўз қобилиятини намоён этди. Тадбир якунида фаол устозлар ва тўгарак иштирокчилари мактаб маъмурияти томонидан ташаккурнома, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шубҳасиз, бундай тадбирлар ёш авлоднинг билимга, санъатга, спортга ва умуман фаол ҳаёт тарзига бўлган қизиқишини янада оширади. “Ёз оқшоми” тадбири ҳам айнан шундай ижобий мақсадлар сари қўйилган муҳим қадамлардан биридир.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари