Мактабларда жорий ўқув йили якунига етиб, ўқувчилар ёзги таътилга чиқди. Тез орада юртимизнинг барча сўлим гўшаларида ўз фаолиятини бошлайдиган оромгоҳлар таътилда болаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишда муҳим ўрин тутади.
Наманган вилоятида 2023 йил ёзги соғломлаштириш мавсумида саккизта шаҳар ташқарисидаги оромгоҳда 5 минг 400 бола, шунингдек, ҳудудлардаги умумтаълим мактаблари қошида 67 кундузги соғломлаштириш майдончасида 10 минг 160 нафар бола дам олиши режалаштирилган.
Бу ҳақида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вилоят кенгаши, Болаларни дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти вилоят бошқармаси, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамкорлигида Чуст туманидаги “Меҳржон” болалар оромгоҳида мавсумга кўрилаётган тайёргарлик жараёнлари ҳамда янги лойиҳаларни қамраб олган “2023 йил болаларни ёзги соғломлаштириш ва дам олдириш мавсумига ҳозирлик кўриш” мавзусида ташкил этилган кўргазмали ўқув-семинарида маълум қилинди. Эътироф этиш жоизки, болаларнинг ёзги таътилни мазмунли ва кўнгилли ўтказишини таъминлашга давлат сиёсати даражасида аҳамият қаратилди.
Президентимизнинг 2022 йил 18 ноябрдаги “Болаларнинг дам олишларини тизимли ташкил этиш ва соғломлаштириш ишларини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида Касаба уюшмалари федерацияси ташаббуси билан барча ҳудудларда оромгоҳлар бўйича департаментлар фаолияти йўлга қўйилди. Айни пайтда мазкур департаментнинг Наманган вилояти бошқармаси балансига вилоятдаги мавжуд еттита оромгоҳ мулк ҳуқуқи асосида ўтказилди. Вилоят ҳокимлиги, фавқулодда вазиятлар, ички ишлар, соғлиқни сақлаш ҳамда cанитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармалари раҳбарлари, оромгоҳлар мутасаддилари иштирокидаги семинарда мавсумни кўтаринки руҳда ўтказиш юзасидан тарбиячилар, тиббиёт ходимлари, спорт йўриқчилари, ички ишлар ходимларининг вазифаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Оромгоҳларда болаларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини узлуксиз етказиб бериш асносида уларнинг санитария-гигиена талабларига жавоб беришини назорат қилиб бориш, жамоат тартибини сақлаш ҳамда хавфсизлик масалаларига алоҳида эътибор қаратиш борасида тегишли тушунча ва тавсиялар берилди. Маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилиши айтилиб, мутасаддиларга турли кўнгилочар тадбирлар, фестиваллар, спорт мусобақалари, таниқли кишилар билан ижодий учрашувлар, китобхонлик кечалари ўтказиш бўйича вазифалар белгиланди.
[gallery-12192]
– Жорий ёз мавсумида оромгоҳларга 5 минг 400 нафар болалар қамраб олинган холос, – дейди Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи Муҳаммадзокир Маматхонов. – Бунинг асосий сабаби шу вақтга қадар айрим оромгоҳлар эгасиз, қаровсиз қолиб кетгани, уларнинг моддий-техника базаси ва таъминоти яхши йўлга қўйилмаганлигида. Ҳозирги кунга келиб эса оромгоҳлар том маънода эгалик бўлди. Айни кунда департамент тасарруфидаги еттита ва битта хусусий оромгоҳда болаларни мароқли ҳордиқ олишларини ташкиллаштириш мақсадида жамғарма маблағлари ҳамда туман ҳокимликлари ёрдамида мавсумга тайёргарлик ишлари авж палласида. Поп туманидаги “Офтобча” болалар оромгоҳи янгидан қайта қурилиши режалаштирилган бўлса, Уйчи туманидаги “Умид ниҳоллари” оромгоҳида капитал таъмирлаш ва қўшимча бинолар қурилиши белгиланди.Вилоятдаги мавжуд оромгоҳларда шу кунга қадар 800 миллион сўмлик таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Оқилхон Дадабоев,
Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА