Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёз-2025: ўткир диарея – жиддий тиббий муаммо
16:03 / 2025-05-26

Ёз мавсумида овқатланиш ва шахсий гигиенага эътиборсизлик сабабли ўткир юқумли ичак касалликлари кенг тарқалиши мумкин. Бундай касалликлар тез юқувчанлиги, оғир оқибатларга олиб келиши ва инсон саломатлигига жиддий хавф солиши билан хавфли ҳисобланади.

Шулардан бири ўткир диарея касаллиги бўлиб, ич кетиши, қоринда оғриқ, бош оғриғи, ҳолсизлик, кўнгил айниши, қайт қилиш, баъзан тана ҳароратининг кўтарилиши билан кечади.

Касаллик кўп ҳолларда қўлларни совунлаб ювмаслик, қайнатилмаган сувни ичиш (ариқ, ҳовуз, қудуқ), ювилмаган сабзавот ва меваларни истеъмол қилиш, пашшалар орқали ифлосланиш, озиқ-овқат маҳсулотларини нотўғри сақлаш ёки тайёрлаш натижасида келиб чиқади.

Соғлом турмуш тарзи ва оддий гигиена қоидаларига амал қилиш орқали эса бу каби юқумли ичак касалликларидан самарали ҳимояланиш мумкин. 

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ахборот хизмати тавсияларига кўра, ҳар доим айниқса, овқатланишдан олдин ва ҳожатхонадан кейин қўлларни совун билан ювиш, болаларга ҳам буни ўргатиш лозим.

Мева ва сабзавотларни тоза ёки қайнатилган сувда ювиш, қайнатилган сув истеъмол қилиш керак.

Тез бузилувчи маҳсулотларни харид қилаётганда яроқлилик муддатига ва сақлаш шароитига эътибор бериш муҳим.

Шунингдек, озиқ-овқатларни полиэтилен халта ва берк идишларда сақлаш, овқат тайёрлашда санитария қоидаларига амал қилиш, идиш-товоқларни хлорли аралашма (0.2-0.5 фоиз) билан ювиш (айниқса, жамоавий жойларда) мақсадга мувофиқдир.

Шунингдек, ҳудуд ва умумий фойдаланиш жойлари тозалигига эътибор қаратиш ҳамда пашшаларнинг кўпайишига йўл қўймаслик, чиқинди жойларини мунтазам дезинфекция қилиб туриш юқумли касалликларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Ушбу тавсияларга амал қилиш орқали нафақат ўзимизни, балки оила аъзоларимизни, атрофдагиларни ҳам оғир касалликлардан ҳимоялашимиз мумкин.

Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА