Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёз –2022: хўжайлилик ёшлар Бухородаги оромгоҳларда дам олмоқда
16:30 / 2022-06-21

Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимиз вилоятлари оролбўйи ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни янада такомиллаштириш мақсадида Қорақалпоғистондаги туманларга бириктирилди.

Бухоро вилояти ҳам Хўжайли туманини янада ривожлантиришга яқиндан кўмаклашмоқда. Вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги бир гуруҳ масъуллар, қатор ташкилот ва идоралар раҳбарлари, тадбиркорлар Хўжайли туманида бир қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Бугун олис туманда вилоят томонидан умумий қиймати 215 миллиард сўмлик, жами қирққа яқин лойиҳа амалга оширилмоқда. Қурилиш, таъмирлаш ва тиклаш, муҳандислик-коммуникация тармоқларида олиб борилаётган ишларда ўнлаб мутахассис, механизациялаштирилган куч ва воситалар сафарбар қилинган. 

– Бухоролик шифокорлар томонидан тумандаги 5 минг нафардан зиёд аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди, – дейди Бухоро вилояти ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ихтиёр Абдулҳақов. – Шундан 17 нафар фуқарода  мураккаб, 128 нафарида турли жарроҳлик амалиёти ўтказилди. 

Вилоят қурувчилари томонидан “Кун нури” маҳалласида 36 та якка тартибдаги уй-жой қурилмоқда. Мазкур бунёдкорликлар қаторида шу йил июнь ойи бошида туманда 20 тадан ортиқ кўчма маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси, қолаверса, “Қўлаб” овулида аёллар гўзаллик салони ва эркаклар сартарошхоналари иш бошлади.  Тумандаги 10 та ёш оиланинг никоҳ ҳамда 10 нафар боланинг суннат тўйида вилоят ҳокими иштирок этди.  

Хўжайли туманида истиқомат қилаётган эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мактаб ёшидаги болаларни ёзги мавсумни кўнгилдагидек ўтказишлари учун ҳам муайян ишлар амалга оширилаётир. Жумладан, Хўжайлидан  келган 30 нафар ўғил-қизлар Бухоро вилояти Вобкент туманидаги “Порлоқ келажак” болалар ёзги оромгоҳида ҳордиқ чиқармоқда. 

– Бу шинам ва замонавий, чор атрофи кўкаламзорлаштирилган оромгоҳда болажонларимиз учун яратилган шароит ўйлаганимиздан ҳам зиёда экан, – дейди педагог тарбиячилар Юлдуз Тилавмуродова ва Гўзал Жуманиёзовалар. – Яхши жиҳозланган машғулот ва ўйин майдончалари, салқин ётоқхона ва ошхона, айниқса, бассейн болажонларимизга олам-олам завқ бағишламоқда. Улар учун мусиқа ва санъат оқшомлари, турли беллашув ва мусобақалар ташкил этилмоқда. Бунинг учун бухороликлардан миннатдормиз.

Айни кунларда Бухоро Нефтни қайта ишлаш заводи маъмурияти хайрихоҳлиги билан Хўжайлидан яна 20 нафар ўғил-қиз ёзги мавсумни кўнгилдагидай ўтказиши учун Бухорога олиб келинмоқда. Улар 12 кунга мўлжалланган завод  тасарруфидаги “Нефтчи” болалар оромгоҳида ҳордиқ чиқаришади.

Зариф Комилов, ЎзА