Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёз – 2022: болажонларнинг вақти чоғ ўтмоқда
16:36 / 2022-06-17

Барча фасл ўз ҳусни таровати, бир-бирини такрорламаслиги билан гўзалдир.

Болаликнинг сеҳрли оламида яшаётган, ҳаёт ташвишларидан узоқда, ўзининг мўъжизакор дунёсида болалик гаштини сураётган самимий ва қувноқ болажонлар учун эса ёз фаслининг гашти ўзгача. 

Қашқадарё вилоятида ёзги таътил давомида болаларнинг янгича билим ва кўникмалар эгаллаши, дўстлар орттириши, мароқли дам олишини ташкиллаштириш мақсадида барча қулайликларга эга бўлган бир қатор сўлим оромгоҳлар фаолият юритмоқда. 

“Ўзбекнефтгаз” АК, “Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш” бошқармасига қарашли Шаҳрисабз шаҳридаги “Беруний” болалар оромгоҳи шулар жумласидандир. Бу ерда болаларнинг мириқиб дам олишлари, саломатликларини мустаҳкамлашлари учун барча шароитлар яратилган. 

– Мавсум олдидан барча ётоқхоналар таъмирланди, – дейди оромгоҳ директори Бобур Каримов. – 800 ўринга мўлжалланган ошхона, ҳаммом, сузиш ҳавзаси болажонлар ихтиёрида. “Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш” бошқармаси томонидан оромгоҳ ётоқхоналари, тўгарак хоналари юмшоқ ва қаттиқ мебеллар билан таъминланди. 

Оромгоҳ кутубхонаси янги бадиий китоблар билан бойитилди. Болаларнинг саломатлиги доимий назоратда. Биринчи мавсум давомида оромгоҳимизда жами 233 нафар болалар дам олмоқда. Маданий-маърифий ишлар махсус режа асосида ташкил этилган. “Китоб бизнинг дўстимиз”, “Эртаклар яхшиликка етаклар”, “Энг фаол китобхон”, “Бу китобни ўқидингизми” савол-жавоб викторинаси, “Мен ёқтирган асар қаҳрамони”, “Зулфияхоним қизлари” шеърият кечаси каби тадбирлар ўтказилмоқда. Бундан ташқари оромгоҳда ташкил этилган “Инглиз тили”, “Тикиш-бичиш”, “Ёш Беҳзодлар”, “Компьютер кўникмалари”, “Бисер тикиш”, “Ёш ижодкорлар”, “Миллий рақс” тўгараклари учун алоҳида хоналар ташкил этилган.

[gallery-7614]

– Оромгоҳда вақтимиз чоғ ўтмоқда, – дейди Ғузор туманидан келган 13 ёшли Моҳларой Юлдошева. – Кўплаб дўстлар орттирдим. Айниқса менга рақс ва мусиқа тўгараги жуда ёқади. Мактабда ҳам пианино курсига қатнар эдим. Бу ерда ҳам пианино чалиш сирларини ўрганяпман. Бундан ташқари, шеърият жону дилим. Оромгоҳ кутубхонаси эса, бадиий адабиётларга тўла. 

Оромгоҳда ўтказиладиган кечки умумий йиғинда “Энг аҳил жамоа”, “Энг тоза ётоқхона”, “Энг масъулиятли жамоа навбатчиси”, “Энг масъулиятли етакчи”, “Энг чаққон тарбиячи” номинациялари бўйича кун ғолиблари эълон қилинади. Жамоалар иштирокида ўтказилаётган “Қувноқлар ва зукколар”, “Келинг, бир кулишайлик!”, “Модалар танлови”, “Балли йигитлар”, “Балли қизлар”, “Жажжи маликалар”, “Оромгоҳ шаҳзодаси”, “Оромгоҳ Маликаси” танловларида оромгоҳда дам олувчи болалар фаол иштирок этиб томошабинлар олқишига сазовор бўлмоқда.

Оромгоҳ кун тартибига кўра ташкил этилган “Спорт соати” да болалар турли спорт тўгараклари: футбол, волейбол, баскетбол, шахмат ва шашка, сузиш, стол тенниси, енгил атлетика каби тўгаракларга жалб қилинмоқда. 

Бир сўз билан айтганда оромгоҳда болажонлар мириқиб ҳордиқ чиқармоқда.

Ўлмас Баротов, ЎзА.
Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА.