Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Йохен Зойферт: “Ўзбек шифокорлари пандемияни енгиши ва қандли диабет билан оғриган беморларни даволашнинг уддасидан чиқа олишига ишонаман”
20:15 / 2021-08-04

"CОВИД-19: Глобал пандемияга қарши самарали кураш – Германия университети тиббиётининг тажрибаси ва амалий хулосалари" мавзусида навбатдаги онлайн халқаро анжуман ўтказилди.

Тадбир очилишида сўз олганлар Ўзбекистон ва Германия давлатлари ўртасида тиббиёт соҳасида ўзаро ҳамкорлик самарали йўлга қўйилгани ва бунда коронавирус пандемиясига қарши курашга оид ўтказилаётган онлайн илмий-амалий анжуман муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Анжуманда Германиянинг Фрайбург университети клиникаси юқумли касалликлар бўлими директори, профессор Винфрид Керн, интенсив терапия, анестезиология ва реанимация бўлими бош шифокори, профессор Йоханнес Кальбхенн ҳамда эндокринология ва диабетология бўлими директори, профессор Йохен Зойферт глобал пандемияга қарши кураш бўйича илмий ва амалий тажрибалари билан ўртоқлашди.

Профессор Йохен Зойферт қандли диабет касаллиги бўлган беморларда COVID-19 ни даволашнинг ўзига хос хусусиятлари мавзусида маъруза қилар экан, илмий таҳлилларини ҳали матбуотга маълум қилмагани ва уни биринчи ўзбек ҳамкасбларига тақдим этаётганини айтиб ўтди.

– Амалиёт ва илмий таҳлилилар шуни кўрсатадики, қандли диабет касаллигига чалинган беморларда коронавирусни юқтириш янада оғир кечади. Германияда ушбу вирусни юқтириш оқибатида кекса ёшдаги қандли диабет билан касалланган ва ортиқча вазни бор беморларда ўлим жуда кўп қайд этилди. Мен бу ҳолатни беморларни даволаш ва илмий таҳлиллар жараёнида ўрганиб бордим. Албатта, бундай беморларни муолажа қилиш ўзига яраша тартиб-тамойилни талаб этади. Бугун маърузамда ўзбек шифокорларига амалий ва илмий ўрганишларни, қандли диабет билан касалланган беморлар вирусни юқтирганда қандай даволаш зарурлиги ҳақида тавсияларимни тақдим этдим. Ўзбекистонда CОВИД-19 пандемиясига қарши курашда самарали ишлар амалга оширилмоқда. Ишонаманки, ўзбек шифокорлари пандемияни енгиш ва қандли диабет билан оғриган беморларни даволашнинг уддасидан чиқа олади, – деди профессор Йохен Зойферт.

Анжуман доирасида маҳаллий иштирокчилар “COVID-19 бўлган беморларни фармокологик даволаш услублари ва моноклонал аксилтаначаларни қўллаш”, “COVID-19 асоратлари (тромбоз ва ҳ.к.)” ва “Қандли диабет касаллиги бўлган беморларда COVID-19 ни даволашнинг ўзига хос хусусиятлари” мавзуларида билим ва кўникмага эга бўлди.

Анжуманда Ўзбекистон томонидан модераторлик қилган Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ўқув ишлари бўйича проректори Мунира Қосимова икки мамлакат тиббиёт соҳаси вакилларининг ҳамкорлиги пандемия шароитида жуда муҳим эканини қайд этди.

– Икки томон ҳамкорлиги доирасида ташкил этилаётган ушбу анжуманда кўплаб мавзуларда билим, тавсия ва тажриба орттириш кўзда тутилган. Шу кунга қадар еттита мавзуда немис олимлари тажрибаларини намоён этди. Пандемия шароитида бундай тажриба биз, шифокорлар учун жуда муҳим, – деди Мунира Қосимова.

Эслатиб ўтамиз, мазкур онлайн халқаро анжуман Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти ва “OPASCA GmbH” компанияси ҳамкорлигида Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирлиги ҳамда мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонаси кўмагида ташкил этилди.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА