ФОТОРЕПОРТАЖ
Қиш кунлари барча қўриқхоналарда бўлгани сингари Сурхон давлат қўриқхонасининг барча ҳудудларида ҳайвонларни совуқдан асраш, қорли кунлардан беталофат олиб чиқиш мақсадида биотехник тадбирлар ўтказилиб, ҳайвонлар учрайдиган ҳудудларга озуқалар қўйиб чиқилмоқда. Ана шундай хайрли ишнинг навбатдаги манзили қўриқхонанинг “Хатак” бўлими бўлди.
[gallery-27232]
Қўриқхонада жониворлар табиий равишда бедаҳл қонуниятлар йўриғида яшаб, кўпайиб табиатнинг микротизимини яратиб ҳаёт кечиради. Ана шу соф табиийлик, яъни ёввойи ҳаётга инсон аралашувининг ниҳоятда камлиги натижасида бу масканда табиат хилма-хиллиги асраб қолинмоқда.
Совуқ кунларда табиат жонкуярлари, қўриқхонанинг хайвонотга чинакам меҳр қўйган ходимлари ўз ҳаловатларидан кечиб, жониворларга озуқа улашмоқда. Албатта муштарак мақсад ҳайвонларни қиш мавсумидан беталафот олиб чиқишдир.
Биотехник тадбирлар учун Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан Сурхон давлат қўриқхонасида 15 тонна озуқабоп ем, 10 тонна туз, 1000 дан ортиқ дағал хашак ажратилган. Маҳсулотлар тоғларда яшовчи ёввойи ҳайвонлар ва қушлар учун озуқа сифатида захира қилинган. Табиат улкан тизим, унинг бағрида яшайдиган ҳар бир жонивор, ўсадиган ҳар бир гиёҳ маълум бир аҳамиятга эга. Шу оддий ҳақиқатни ҳар бир инсон чин юракдан ҳис этса, жаннатмонанд юртимизнинг гўзал табиати ўз тароватини йўқотмайди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ, ЎзА