Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
— Мамдакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик ҳолатни яхшилаш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, — деди фракция раҳбари Улуғбек Иноятов. — Хусусан, камёб ва йўқолиб кетиш арафасида турган ёввойи ҳайвонларни асраш, уларнинг табиий популяциясини сақлаб қолиш йўлида ҳам қонунчилик такомиллаштириб борилмоқда. “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси билан ёввойи, Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган ҳайвонларни сақлаш ва фойдаланиш тартибини белгилаш назарда тутилмоқда. Зеро, ҳайвонот оламини асраб-авайлаш, табиатни муҳофаза қилиш, шу билан бирга, ҳайвонларни сақлаш тартибларига амал қилиш ҳар биримизнинг бурч ҳамда вазифамиздир.

Йиғилишда таъкидланганидек, ҳозирга қадар фуқаролар томонидан ёввойи йиртқич ва заҳарли ҳайвонларни уй шароитида сақлаш масаласи ҳуқуқий тартибга солинмаган. Шу сабабли кейинги вақтларда ёввойи йиртқич ва заҳарли ҳайвонларни жамоат жойларида олиб юриш, тўй, маърака, юбилей ҳамда бошқа оилавий тадбир ва маросимларга улар билан бирга келиш ҳолатлари ортиб бормоқда. Оқибатда фуқароларнинг осойишталиги бузилиб, саломатлигига жиддий хавф пайдо бўлмоқда. Қонун лойиҳасида ёввойи ҳайвонларни ярим эркин шароитларда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда сақлаш, илмий тадқиқотлар ўтказиш, намойиш қилиш билан боғлиқ янги нормалар белгиланмоқда.

Фракция аъзолари ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш табиат ва иқлим ўзгаришлари шароитида муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида қайд этишди. Депутатлар ҳайвонот оламини асраш билан бирга, жамоат жойларида ёввойи йиртқич ва заҳарли ҳайвонлардан фойдаланишни чеклаш, бу борада тартиб-қоидаларни аниқ белгилаш зарурлигини таъкидлади. Қонун лойиҳасида назарда тутилаётган ёввойи, йиртқич ва заҳарли ҳайвонларни юридик ва жисмоний шахслар томонидан сақлаш тақиқланиши ҳақидаги нормани янада аниқлаштириш, қатъийлаштириш зарурлиги бўйича таклифлар билдирилди. Шундан сўнг қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан маъқулланди.
Йиғилишда яна бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА