ФОТОРЕПОРТАЖ
Қиш фаслининг совуқ ва қорли кунлари ёввойи ҳайвонлар учун энг мураккаб давр ҳисобланади. Қалин қор қоплами озуқа излашни қийинлаштириб, уларнинг табиий яшаш муҳитига салбий таъсир кўрсатади. Шу боис Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар департаменти тасарруфидаги “Юқори Тўпаланг” миллий табиат боғида ёввойи ҳайвонларни қўллаб-қувватлашга қаратилган биотехник тадбирлар мунтазам амалга оширилмоқда.
[gallery-27490]
Тадбирлар доирасида қўриқхона ҳудудида ёввойи ҳайвонлар кўп учрайдиган масканларда махсус озуқа майдончалари ташкил этилмоқда. Ушбу майдончаларга қўшимча озуқа захиралари жойлаштирилиб, қишнинг оғир шароитида ҳайвонларнинг озиқланиши таъминланмоқда. Бу эса айрим турларни сақлаб қолиш, шунингдек, экотизимдаги табиий мувозанатни асрашга хизмат қилмоқда.
Биотехник тадбирлар жараёнида ёввойи ҳайвонларнинг ҳолати доимий равишда кузатувга олинади. Зарур ҳолларда қўшимча чора-тадбирлар кўрилиб, хавф остида қолиши мумкин бўлган турларни муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса қўриқхона ҳудудида биологик хилма-хилликни сақлашга қаратилган ишлар самарадорлигини оширади.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА