French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшликдаги куч-ғайратни эл-юртга бахш этиш катта бахтдир
17:33 / 2021-12-16

Фарғона вилоятида ёшлар билан ишлашнинг янги тизими жорий этилиб, билим ва касб-ҳунар эгаллаши, улар учун муносиб иш ва турмуш шароити яратиш масаласига эътибор қаратилмоқда. Айни кунларда ҳудудларда бўлиб ўтаётган Ёшлар форуми минглаб ўғил-қизларни эзгу мақсадлар сари бирлаштириб, янги ташаббус ва ғояларга ундамоқда.

Фарғона тумани вилоятнинг чегарадош ҳудуди. Туманда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида "Ёшлар дафтари"га кирган 4 минг 305 нафар йигит-қизнинг муаммоларини ҳал этиш учун аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Маҳаллалардаги 1 минг 300 дан ортиқ ишсиз ёшга деҳқончилик билан шуғулланиш учун ер майдонлари ажратилиб, даромад топишига кўмаклашилди. Тадбиркорлик қилиш истагидаги 161 нафар ёшга кредит олишда ёрдам берилди. 1 минг 342 нафари тумандаги бўш иш ўринларига ишга жойлаштирилди. 459 нафарига субсидиялар ажратилиб, турли жиҳозлар олиб берилди. Умуман олганда, олиб борилган амалий ишлар натижасида 4 минг 146 нафар ёш "Ёшлар дафтари"дан чиқарилди. "Темир дафтар"даги оилалар фарзандлари бўлган 97 нафар талабанинг контракт пули тўлаб берилди.

– Туманимизда уюшмаган ва ишсиз ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишига ёрдам бериб, қўллаб-қувватлаб, бўш вақтларини мазмунли ўтказишига кўмаклашаяпмиз, – дейди Фарғона тумани ҳокими ўринбосари Илҳомжон Тошпўлатов. – Ҳоким, секторлар раҳбарлари ёшлар билан мунтазам учрашиб, ғоя, таклиф ва ташаббусларини эшитиб, муаммоларини ҳал этиб бормоқда. Туманимизда тадбиркорлик ривожланаётгани, саноат корхоналари сонининг ортиб бораётгани ёшлар бандлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. "Юқори арча" маҳалла фуқаролар йиғинида ёшлар кичик саноат зонаси ташкил қилиниб, 31 та лойиҳа жойлаштирилди. “Баҳодир Лоғон текстиль", “Ekokerama” каби йирик лойиҳаларнинг ишга туширилиши натижасида мингдан зиёд қишлоқ ёшларига янги иш ўрни яратилди. Шунингдек, туманимизнинг малиначиликка ихтисослашаётгани ҳам юзлаб йигит-қизларнинг бандлигини таъминлайди.

[gallery-5108]

Айни кунларда туманда Ёшлар форуми доирасида маънавий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари ўтказилмоқда. "Дилкушо" маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган фестивалда уюшмаган ёшлар, туман аҳли иштирок этди. Дастлаб "Соғлом ҳаёт сари 5 минг қадам" юриш марафонига старт берилиб, уч мингдан зиёд ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи кенг тарғиб қилинди. Шахмат-шашка, арқон тортиш, тош кўтариш, стол тенниси мусобақалари қизғин баҳслар остида кечди. Айниқса, ҳарбийларнинг кўргазмали чиқишлари, ҳарбий қурол ва техникаларнинг намойиши иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Санъаткорларнинг концерт дастури дилларга хушнудлик улашди.

"Ҳоким ва ёшлар" учрашуви йигит-қизларнинг таклиф ва ташаббусларига бой бўлди. Олий ўқув юртларига ўқишга кирган 42 нафар ёшга контракт пули тўлаб берилганлиги ҳақида сертификат, 12 нафарига тикув машинаси, печь, ўт ўриш аппарати субсидия асосида топширилди.

Айни кунларда ана шундай тадбирлар тумандаги барча маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб ўтмоқда.

 

М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат), ЎзА