Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшликдаги эътирофдан парламент минбаригача
12:00 / 2026-02-13

ФОТОРЕПОРТАЖ

ЎзА сайтида йўлга қўйилган “Зулфияхоним издошлари” лойиҳасида Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибларининг бугунги фаолияти, касбий ютуқлари ва жамият ҳаётидаги ўрни кенг ёритиб борилмоқда. Лойиҳанинг асосий мақсади — ёшликда эътироф этилган иқтидор эгаларининг бугунги масъулиятли вазифаси ва Ватан равнақига қўшаётган ҳиссасини намоён этишдан иборат. 

Шаҳноза Холмахаматова ана шундай мукофот соҳибаларидан. У 2001 йилда Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган. Ёшликдаги фаоллик ва ташаббускорлик кейинги ҳаётига мустаҳкам замин яратди.

Бугун Шаҳноза Холмахаматова Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси сифатида самарали фаолият юритмоқда.

Қаҳрамонимиз 2010 йилда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетини, 2023 йилда эса Чирчиқ давлат педагогика университети магистратурасини тамомлаган. Педагогик билим ва тажрибаси унинг парламент фаолиятида, айниқса таълим соҳасига оид масалаларда фаол позиция эгаллашига хизмат қилмоқда.

Ш. Холмахаматова қонун ижодкорлиги ва парламент назорат-таҳлил фаолиятида фаол иштирок этиб, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ҳамда таълим соҳасига доир қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда ўз таклифлари билан қатнашиб келмоқда. Қўмита доирасида икки қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнида ишчи гуруҳ аъзоси сифатида масъул бўлган.

Парламентдаги фаолияти давомида оммавий ахборот воситаларида 150 дан ортиқ мақола ва интервьюлари эълон қилинган. Сайловчилар билан 270 дан зиёд учрашув ўтказиб, уларнинг мурожаат ва таклифларини ҳал этишга ҳисса қўшган.

[gallery-27637]

2024 йилда давлат ва жамият ривожига қўшган муносиб ҳиссаси учун “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.

Шаҳноза Холмахаматованинг ҳаёт йўли — ёшликдаги эътирофдан масъулиятли давлат хизматигача бўлган изчил меҳнат ва садоқат намунасидир. Унинг фаолияти ёш қизлар учун илҳом ва келажакка ишонч тимсоли бўлиб хизмат қилади.

Камола Юсупова,

Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА