Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшликдаги эътироф янги марралар сари чорлайди
09:49 / 2026-03-06

ФОТОРЕПОРТАЖ

“Зулфияхоним издошлари”

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги сайтидаги “Зулфияхоним издошлари” лойиҳасининг навбатдаги қаҳрамони — спортдаги ютуқлари учун “Зулфия” номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган Дилбар Холжигитова.

Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида вояга етган Дилбар Холжигитова ёшликдан спортга меҳр қўйган. Таэквондонинг ITF йўналиши бўйича мунтазам шуғулланиб, қисқа фурсатда юқори натижаларга эришди. У тўққиз карра мамлакат, икки карра Осиё ва икки карра жаҳон чемпиони сифатида нафақат юртимизда, балки халқаро майдонларда ҳам муносиб натижаларни қайд этган.

Спортдаги ютуқлари, фаол фуқаролик позицияси, намунали хулқи ва интилиши учун у 2014 йилда “Зулфия” номидаги Давлат мукофотига лойиқ кўрилди. Бу эътироф унинг ҳаётидаги муҳим босқичга айланди. Чунки мазкур мукофот нафақат шараф, балки катта масъулият ҳамдир.

Дилбар Холжигитова 2018 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетини тамомлаб, филология ва тилларни ўқитиш (инглиз тили) йўналишида бакалавр даражасини олди. 2020 йилда шу университет магистратурасини муваффақиятли якунлади. Рус, инглиз ва турк тилларини яхши билиши унинг халқаро мулоқот ва ҳамкорликларда фаол иштирок этишига замин яратди.

У фаолиятини ёшлар билан ишлаш соҳасига бағишлади. Турли йилларда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи тизимида, шунингдек Республика Маънавият ва маърифат маркази каби ташкилотларда самарали меҳнат қилди.

Айни пайтда у Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги марказий аппаратида вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимият органлари томонидан ёшлар сиёсати амалга оширилишини мувофиқлаштириш бўлими бош мутахассиси лавозимида фаолият юритмоқда.

Спортда шаклланган интизом, матонат ва қатъият Дилбар Холжигитованинг бугунги касбий фаолиятида ҳам яққол намоён. У ёшларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор лойиҳа ва дастурларда иштирок этмоқда.

Унинг таъкидлашича, ёшликдаги эътироф инсонни тўхтатиб қўймаслиги, аксинча, янада катта марралар сари илҳомлантириши керак. “Зулфия” мукофоти соҳибаси сифатида у бугун ҳам ўз устида ишлаш, билим ва тажрибасини ошириш ҳамда жамиятга фойда келтиришни ҳаёт мезони деб билади.

Дилбар Холжигитованинг энг катта орзуси — юртимиз ёшларининг халқаро майдонларда муваффақият қозонишига ҳисса қўшиш, улар учун янада кенг имкониятлар яратишга хизмат қилишдир. У спорт ва таълим уйғунлиги орқали баркамол авлодни тарбиялаш мумкинлигига ишонади.

“Зулфияхоним издошлари” лойиҳасининг моҳияти ҳам ана шунда — ёшликда эътироф этилган иқтидор эгаларининг бугунги масъулиятли вазифаси ва Ватан тараққиётига қўшаётган муносиб ҳиссасини ёритиш. Дилбар Холжигитованинг ҳаёт йўли бунга яққол мисол — ютуқлардан масъулиятга, эътирофдан хизмат сари одимлаётган фидойи ўзбек қизининг ибратли тимсоли.

Камола Юсупова,

Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА