Бугун АОКАда ўтказилган брифингда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ёшлар етакчиси Мирзобек Ҳасановнинг маълум қилишича, ушбу тизимда ёшларга оид давлат сиёсати тасдиқланган дастурга мувофиқ амалга оширилиши белгиланган.
Унга асосан вазирлик томонидан ёшлар билан ишлаш, уларнинг доимий малакасини ошириб бориш ҳамда соғлом турмуш тарзи асосида спорт билан шуғулланишлари учун шарт-шароитлар яратиб бериш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
–Бугунги кунда вазирлик тизимидаги олийгоҳларда билим олаётган, илмий тадқиқот институтлари ҳамда корхоналарда 32 минг нафардан зиёд ёшлар фаолият олиб бормоқда. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ишлари ҳам ўз вақтида олиб бориляпти. Тизим ташкилотлари йўналишларидан келиб чиқиб, кадрлар тайёрлаш мақсадида жами 69 нафар, шундан 50 нафар Пиза университетининг Тошкент филиалида ва 19 нафар талаба М.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида таълим олиши учун 160 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағ йўналтирилди. Жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида корхоналарда фаолият олиб борувчи ёшлар бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, маданий ҳордиқ олиши учун 1 минг 200 нафар ёшнинг музейлар, театр ва кинотеатрларга ташрифлари ташкил этилди, 50 дан ортиқ спорт тадбирларида жами 3 минг 100 нафар ёшлар тўлиқ қамраб олинди, – деди М.Ҳасанов.
Шунингдек, тадбирда вазирлик ҳамда корхона ва ташкилотлар раҳбарлари томонидан мунтазам равишда ёшлар билан учрашувлар ташкил қилиниб, ёшларни қийнаётган муаммолар ва таклифларини ҳал қилиш бўйича чоралар кўрилаётгани қайд этилди. Унга кўра, жорий йилнинг июль ойида тоғ-кон саноати ва геология вазири 200 нафар ёш билан учрашув ўтказди. Унда ёшларнинг муаммо ва таклифлари ўрганилиб, уларни ҳал этиш бўйича тегишли ижрочиларга топшириқлар берилди.
Брифингда таъкидланганидек, вазирлик Президентимизнинг тегишли фармони ва Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси йиғилиши баёнида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга катта эътибор қаратмоқда. Унга асосан тоғ-кон саноати ва геология вазирига Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидан жами 26 нафар “қизил” тоифадаги, алоҳида ишлаш талаб этиладиган, шунингдек, истеъдодли ва иқтидорли ёшлар бириктирилган.
Шунга мувофиқ, ишлаб чиқилган йўриқнома асосида “Пробация назоратидаги”, “Профилактик ҳисобда турган”, “Мунтазам дарс қолдирувчи” тоифаларига кирувчи ёшлар билан манзилли иш ташкил этилиб, уларнинг бандлигини таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, ҳаётда ўз ўрнини топишига ва ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА