Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшларнинг таклифлари қўллаб-қувватланди
22:57 / 2023-12-23

Андижон давлат педагогика институтида «Ёшлар форуми» доирасида институт ректори, профессор Бахтиёр Расулов талабалар билан учрашиб, очиқ мулоқот ўтказди.

Мулоқотда ректор мамлакатимизда олий таълим тизимини ислоҳ қилиш, ўқитишни халқаро талаблар даражасига олиб чиқиш, малакали мутахассислар тайёрлаш, талаба- ёшларнинг ўқиб, пухта билим олиши, ўз иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқариши учун барча шароит яратиб берилаётгани ҳамда таълим тизимидаги ислоҳотлар самаралари хусусида сўз юритди.  

Учрашувда якунланаётган йилда институтда талабаларни қўллаб-қувватлаш  ва маънавий-маърифий соҳада амалга оширилган ишлар бўйича кенг маълумотлар берилди.

Мулоқот давомида талабалар ўзларини қийнаётган муаммоларни айтиб ўтди. Билдирилган муаммоларнинг бир қисми шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилди. Айрим муаммо ва масалаларни ўрганиш, ижобий ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.  

Шунингдек, талабалар томонидан бир қатор таклиф ва ташаббуслар билдирилди.  

–Институтимизда "Кўргазмалар зали" очилишини истар эдик, – дейди  Тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси таълим йўналиши талабаси Нигора Аҳмаджонова. – Бу тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси таълим йўналиши талабаларига ўз ижодий кўргазмаларини намойиш этиш имконини бериш билан бирга, уларнинг ижодий салоҳиятини янада юксалтиришга ёрдам берар эди. 

Умуман, учрашув давомида институтда "Талабалар илмий ҳамжамияти"ни тузиш, унинг фаолиятини кенгайтириш, инклюзив таълим олувчилар учун қўшимча машғулотлар хонасини ташкил этиш, факультетларда алоҳида кутубхоналар, институт ҳудудида дорихона очиш, беш ташаббусда белгиланган мақсад ва вазифаларга эришишга хизмат қилувчи "Ёшлар саройи"ни барпо этиш сингари қатор таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.  

[gallery-15188]

Талабаларнинг аксарият таклифлари ижроси институтнинг 2024 йилги режаларига киритилиши айтиб ўтилди. Дорихона очиш бўйича Соғлиқни сақлаш бошқармасига хат билан чиқилди. "Ёшлар саройи"ни очиш лойиҳасига старт бериладиган, инклюзив таълим олувчилар учун эса Талабалар уйида қўшимча машғулот хонаси очиладиган бўлди.

Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва бошқа номдаги турли давлат стипендияларини қўлга киритган 6 нафар талаба институт ректори томонидан рағбатлантирилди.  

Ф. Убайдуллаев,

З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари