Муносабат
Ҳаммамизга айёнки, бугунги кунда инсон капиталига йўналтирилган сармоя энг қимматлидир. Айниқса, таълим-тарбия соҳасига қаратилган эътибор келгуси тараққиёт пойдевори. Шу сабабли ҳам мамлакатимизда бу соҳасини давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлантиришга қаратилган яхлит ва узлуксиз тизим яратилди.
Бу имкониятлардан самарали фойдаланиб, билим олаётган ёшларимизнинг қўлга киритган ютуқлари тобора салмоқ ва кўлам касб этиб бораётгани эса қувонарлидир. Бугунги илғор давлатларнинг юксак ютуқлари ҳам шу ҳақиқатни тасдиқлаб турибди. Мазкур жараёнда хусусий мактаблар томонидан эришилаётган натижалар ҳам яхши бўлмоқда.
Масалан, Олмалиқ шаҳридаги Бухоро мактабининг иқтидорли ўқувчиси Иброҳим Темиров Дубайда ўтказилган Халқаро кимё олимпиадасида муносиб иштирок этиб, кумуш медалга сазовор бўлди. Унинг бу ютуғи бошқа ёшларимиз учун ҳам зўр ибрат ва ўрнак намунаси бўлди. Уни рағбатлантириш мақсадида давлатимиз томонидан 562 миллион сўм, унинг фидойи ва заҳматкаш устозига эса 95 миллион сўм пул мукофоти топширилди.

Барчага маълумки, узоқ йиллар мобайнида Тошкент вилоятида биргина олий таълим муассасаси – Тошкент давлат аграр университети мавжуд эди. Вилоятимизда бугунги кунда олий таълим муассасалар сони 13 тани ташкил қилади. Улардан 7 таси давлат, 3 таси нодавлат, 3 таси эса хорижий таълим даргоҳларининг фиалларидир. Бу масканларда 72 минг 755 нафар талаба таҳсил олмоқда.
2025 йилда 34,7 минг нафар мактаб битирувчиларининг 55,7 фоизи, ёки 19,3 минг нафари олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилинди. Хусусан, Нурафшон шаҳридаги Президент мактабининг иқтидорли ўқувчиси Шерзод Таджибаев эса Франциянинг дунёдаги энг нуфузли олийгоҳларидан бири, ТОП-60 таликка кирувчи “Эколе Политехника” университетига 100 фоизлик грант асосида ўқишга қабул қилинди. Эътиборлиси, у мазкур олийгоҳга охирги 34 йил ичида Ўзбекистондан қабул қилинган иккинчи талабага айланди. Бу эса юртимиз ёшларининг билим ва салоҳияти жаҳон миқёсида ўзининг муносиб баҳосини топаётганига яна бир мисолдир.
Президентимизнинг 2023 йил 25 майдаги “Осиё тараққиёт банки ҳамкорлигида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида давлат-хусусий шериклик асосида умумий ўрта таълим мактабларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори эса ушбу йўналишда янги қадам бўлишига ишонаман. Бу саъй-ҳаракатлар туфайли келгусида янги тоифадаги таълим даргоҳлари ташкил этилади.
Ишонамизки, бу ташаббус натижасида Зангиота, Ўрта Чирчиқ, Қибрай, Тошкент туманларидаги ёшларимиз сифатли билим олишига эришилади.
Бекзод Ширинханов,
Тошкент вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси
ДХШ ташкил этиш шўъбаси бош мутахассиси.
ЎзА.