Навоий шаҳридаги Ёшлар марказига вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси томонидан пресс- тур ташкил этилди.
Ёшларнинг медиа-саводхонлигини ошириш, журналистикага бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган Ёшлар медиа марказида видео монтаж студияси, фото зоналар, ижтимоий тармоқлар (Youtube, Instagram, Facebook) учун бурчаклар, ёшлар билан очиқ мулоқотлар, семинар-тренинглар ўтказиш майдончалари мавжуд бўлиб, бу ерда бир вақтнинг ўзида 100 нафар ёш турли хил йўналишларда фаолият олиб бориши мумкин.
– Ушбу медиа марказ Навоийда журналистика соҳасига қизиқувчи ёшларни қўллаб-қувватлаш, маҳаллий телевидение ва ижтимоий тармоқларда ёшлар ҳаёти билан боғлиқ маънавий-маърифий телекўрсатув ҳамда видеомаҳсулотларни кўпайтириш мақсадида ташкил этилган эди, – дейди Ёшлар ишлари бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Умид Худойқулов. – Бугунги кунга қадар медиа марказда волонтёрлик асосида иш ўрганган ёшлардан 10 нафари турли идора ва ташкилотларда медиа йўналишида иш фаолиятини олиб бормоқда. Медиа марказда 2023 йил давомида ёшлар билан боғлиқ 1200 дан ортиқ янгилик, ижтимоий видео контентлар тайёрланган. Айни пайтда вилоят телевидениесида “Келажак ёшлари” телелойиҳаси ташкил этилиб, уни айнан шу марказда фаолият олиб бораётган ёшлар тайёрлашмоқда.
[gallery-15717]
Бугунги кунда Ёшлар марказида 16 та тўгарак фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, уларда 1000 нафардан ортиқ ёш машғулотларда иштирок этиб келмоқда.
Пресс- тур доирасида иштирокчилар “Зукко китобхон”, “Рокировка”, “IT”, “Инклюзив касбий таълим” машғулотлар хонаси, “Шахмат”, “Қўл жанги”, “Гимнастика”, “Чолғу ижрочилиги” каби тўгараклар машғулотлари билан танишди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари