Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшларнинг сайловларда иштироки муҳим
10:08 / 2021-09-28

Марказий сайлов комиссияси ва БМТТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигидаги 2019-2021 йилларда Ўзбекистонда сайлов жараёнини қўллаб-қувватлаш қўшма лойиҳасини амалга ошириш доирасида жорий йилнинг 24 октябрида бўлиб ўтадиган сайловда аёллар, ёшлар ва имконияти чекланган шахсларнинг янада фаол иштирокини рағбатлантириш йўналишида бир қатор тадбирлар ўтказилмоқда.

Марказий сайлов комиссияси доимий аъзоси Гулноза Раҳимова ва БМТ Тараққиёт дастурининг бош техник маслаҳатчиси Георгий Бараташвилининг Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети талабалари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Тадбирнинг асосий мақсади ёшларга сайлов қонунчилигини тушунтириш, уларнинг сайлов жараёнларидан хабардорлигини ошириш.

Учрашувда мамлакат ёшларининг сайловда онгли иштироки масаласига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди. Бундай тадбирларни ўтказиш орқали Ўзбекистон ёш сайловчиларининг сайлов жараёни асослари ҳақидаги билим даражаси, уларнинг сиёсий жараёнлардаги фаоллиги ва дахлдорлиги, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқларига нисбатан масъулиятли муносабатини шакллантириш таъминланади.

– Ёшларнинг сайловда иштирок этиши муҳим, чунки мамлакат келажаги уларга боғлиқ. Сиз, ёш сайловчилар сифатида, сайлов қонунчилигини яхши билишингиз, фаол сайлов ҳуқуқингиздан – Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг сайловда овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланишингиз лозим, – деди Г. Раҳимова.

– Кўпчилигингиз сайловда биринчи марта иштирок этасиз. Сайловчиларнинг сайлов ҳақидаги хабардорлигини оширадиган бундай учрашувнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлашни истардим. Сиз бугун олган маълумотларингизни оила аъзоларингиз билан баҳам кўришингиз мумкин, шунда улар жорий йилнинг декабридан октябрига кўчирилган сайлов куни ҳақида хабардор бўлишади. Шундай қилиб, сиз уларнинг сайловчи сифатида овоз беришда фаол иштирок этишига ўз ҳиссангизни қўшасиз, – дея таъкидлади Георгий Бараташвили.

Учрашувда талабалар ҳозирги сайлов кампанияси ва олдинги сайловларнинг бир-биридан фарқи, 2021 йилдаги сайлов кампаниясининг асосий босқичлари, сайлов жараёни субъектларининг ҳуқуқий мақоми, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ва бошқа маълумотлар билан таништирилди.

Бўлажак сайловларда кузатувчиларнинг иштироки масаласи муҳокама қилинди. Хусусан, маҳаллий ва халқаро кузатувчиларнинг роли нафақат сайлов жараёнига техник баҳо бериш нуқтаи назаридан, балки шаффофликни ва сайловга бўлган ишончни ошириш учун муҳим эканлиги қайд этилди.

– Халқаро кузатувлар сонининг ортиб бориши халқаро кузатувчилар миссиялари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик туфайли маҳаллий, партиясиз кузатувларнинг ривожланишига катта ҳисса қўшди. Мониторинг ҳисоботлари ва тавсиялар тўпламининг эълон қилиниши сайлов жараёнининг ҳар томонлама баҳоланишини таъминлайди ва ҳукуматларга сайлов қонунчилигини янада такомиллаштириш йўлларини аниқлашга ёрдам беради, – деди Г.Бараташвили.

Учрашув якунида сайлов жараёнининг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Нурилло Насриев, ЎзА