Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшларнинг олий таълим олиш имкониятини кенгайтириш бўйича депутат сўрови юборилди
17:12 / 2025-10-19

Таълим соҳасидаги ислоҳотлар жараёнида фанлар бўйича миллий ёки халқаро сертификатларга эга бўлган ёшларга кенг имтиёзлар берилмоқда.

Маълумки, фанлар мажмуасида чет тили биринчи фан сифатида белгиланган таълим йўналишларига фақатгина B2 даражасидаги миллий ёки халқаро сертификат эгалари топширишга ҳақли.

Шунингдек, мазкур сертификат эгаларига тест синовлари (касбий (ижодий) имтиҳон) мажмуасига чет тили фани киритилган барча бакалавриат таълим йўналишларига ушбу фандан имтиҳонларсиз белгиланган максимал балл берилиши назарда тутилган.

Амалиётда мактаб битирувчиларининг аксарияти (қўшимча дарсларга қатнашишни ҳисобга олган ҳолда) чет тилларини (инглиз, рус, француз, немис вa бошқа) B1 даражада ўзлаштирмоқда. Бу эса ОТМларга киришдаги талабдан паст.

Маълумотларга кўра, ОТМларнинг кундузги таълим шаклида умумий қабул параметрлари доирасида қолган вакант ўринлари 19 минг 279 тани ташкил этган. Шундан қарийб 1000 таси филология вa тилларни ўқитиш, таржима назарияси вa амалиёт ҳамда хорижий тил вa адабиёти йўналишларига тегишлидир.

Ёшларнинг олий таълим олиш имкониятини кенгайтириш борасида умумий таълим муассасаларида чет тилига ўқитиш даражаси ОТМларга ўқишга қабул қилишдаги чет тилига қўйилган талабга мутаносиблигини таъминлаш вa мазкур масалани ёшлар манфаати йўлида ҳал этиш бўйича Қонунчилик палатаси депутати Сайёра Имомова томонидан Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозхон Каримовага депутатлик сўрови юборилди.

М.Комилова, ЎзА