Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида ёшларнинг мусиқий дидини ва эстетик савиясини оширишга қаратилган навбатдаги муҳим маданий тадбир бўлиб ўтди.
Ушбу ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 2 февралдаги “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида амалга оширилди.
Тадбирни Ўзбекистон давлат филармонияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлинмаси ижодий жамоаси ташкил этди.

Концертнинг асосий мақсади — ёшларга мусиқа санъатининг турли йўналишларини намойиш этиш, уларда нафосат, санъатга ҳурмат ва ижодий қизиқишни кучайтиришдан иборат бўлди.
Концерт дастурининг ўзига хос жиҳати жонли ижро бўлиб, саҳнадаги маҳорат, оркестрнинг уйғунлиги ва ҳар бир асарнинг бадиий талқини залда ўзига хос руҳий муҳит яратди.

Тингловчилар классик мусиқа намуналари, ўзбек ва жаҳон бастакорларининг асарлари, шунингдек машҳур сериал ва фильм саундтрекларини профессионал ижрода эшитиш имконига эга бўлдилар. Айниқса, замонавий сериаллар куйлари талабаларда катта қизиқиш уйғотиб, тадбирга алоҳида жўшқинлик бағишлади.
Конқерт давомида мусиқа тарихи, жанрлари ва унинг инсоният ҳаётидаги ўрни ҳақида қисқа, бироқ мазмунли маълумотлар берилди. Ушбу ахборотлар асосий концерт дастури билан узвий бирлашиб, ёшларда мусиқа санъатига оид тасаввурларни бойитди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА