Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшларнинг Конституцияга оид билимлари бойитилди
15:45 / 2025-12-05

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 33 йиллиги муносабати билан ушбу муҳим ҳужжатнинг мазмун-моҳиятини ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш мақсадида Тошкент давлат тиббиёт университетининг педиатрия кампусида “Конституция – тенглик, адолатлилик ва фаровон ҳаёт гарови” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

“Адолат” социал-демократик партияси ҳамда университет ҳамкорлигида ташкил этилган давра суҳбатида партия Сиёсий Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Абдукамол Раҳмонов янги таҳрирдаги Конституциянинг жамиятимиз ҳаётидаги ўрни, унинг халқчиллиги ва тўғридан-тўғри амал қилиш механизмига эга эканлигига алоҳида тўхталди. Бош қомусимизда давлат ёшларнинг таълим олиши, касб эгаллаши, иш ва уй-жойга эга бўлишини ҳамда барча ҳуқуқларини кафолатлаши мустаҳкамлаб қўйилганига эътибор қаратди.  

Тошкент давлат тиббиёт университетининг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Турдиқул Бобомуродов Асосий қонунимизда ёшлар ҳуқуқлари, хусусан, таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва касб танлаш эркинлигининг кафолатланганини таъкидлади. Аҳолининг тиббий хизматлардан фойдаланиши конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйилганига урғу берди.  

Шунингдек, тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзолари Дилмурод Исмоилов ҳамда Манзура Салимова “Янги таҳрирдаги Конституция — инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг мустаҳкам кафолати” мавзусида маъруза қилди. Депутатлар Конституциядаги “инсон – жамият – давлат” тамойили, ижтимоий давлат тушунчаси ва фуқароларнинг иқтисодий ҳуқуқлари хусусида ҳаётий мисоллар билан тушунчалар берди.

Тадбир давомида талабалар иштирокида қизиқарли викторина ва савол-жавоблар ўтказилиб, ёшларнинг Конституцияга оид билимлари синалди. Якунда фаоллик кўрсатган ёшларга партиянинг эсдалик совғалари топширилди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА