Андижон вилояти Булоқбоши туманида “Янги Ўзбекистон ёшлари – O’zLiDeP билан биргаликда кучмиз!” шиори остида тарғибот тадбири бўлиб ўтди.
O’zLiDeP Булоқбоши туман кенгаши ташаббуси билан тумандаги қатор мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ёшларнинг маънавий-сиёсий, ҳуқуқий билимларини юксалтириш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида ўтказилган тадбирда айни кунда таътилда бўлган талаба ва ўқувчи ёшлар, уюшмаган ёшлар вакиллари иштирок этди.
Карантин қоидаларига амал қилинган ҳолда ташкил этилган мазкур тадбирда таълимнинг барча босқичларида ёшларнинг сифатли таълим олишини таъминлаш, ҳудудларда инклюзив таълим ривожланиши учун шарт-шароит яратиш, ёшларнинг маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари ва китоб ўқишга бўлган қизиқишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалалари хусусида атрофлича сўз юритилди.
– Айни кунда мамлакатимизда ёшлар манфаатларини ҳимоя қилиш, юрт истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, ташаббускор, шижоатли ёшларни тарбиялаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда, – дейди O’zLiDeP Булоқбоши туман кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Муҳаммадортиғали Абдураҳмонов. – Партиямиз ҳам мазкур жараёнда фаол иштирок этиб, йигит-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга муносиб ҳисса қўшмоқда. Жумладан, партия туман кенгаши Ёшлар қаноти аъзолари томонидан маҳаллалар, таълим муассасалари ҳамда меҳнат жамоаларида “Сиёсий майдонда чархланамиз!” деб номланган тарғибот акциялари, давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Жорий йилда ўтказиладиган муҳим сиёсий жараён – Президент сайловига тайёргарлик доирасида ёшлар сиёсий фаолликка, жамиятдаги жараёнларга даҳлдорлик ҳисси билан яшашга чақирилмоқда. Ёшларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган “Ёшлар ҳуқуқлари – O’zLiDeP нигоҳида” мавзусида жойларда ўтказилаётган давра суҳбатларида эса йигит-қизларнинг турли масала ва йўналишлардаги муаммоларига ечим топишга кўмаклашилмоқда.
Тарғибот тадбири давомида Ёшлар қаноти гуруҳи аъзолари томонидан иштирокчиларга “Сайловолди тадбирларида бир куч бўлайлик!”, “Сиёсий майдонда чархланамиз!” мавзуларидаги буклет ҳамда тарғибот материаллари тарқатилди.
Ўтказилаётган тадбирлар ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтиришга қаратилган ишлар самарадорлигини оширишга ёрдам бермоқда.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА