Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш – энг муҳим масала
17:38 / 2021-01-28

Тошкент вилояти Паркент туманида ёшлар сиёсатига доир ишларни самарали амалга ошириш, муаммоларини тизимли ўрганиш, ташаббус ва ғояларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Туманимиз аҳолисининг 59 фоизини ёшлар ташкил қилади, – дейди Паркент тумани ҳокими ўринбосари Нурали Ниғматов. – Ҳозир ҳудудда ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида “Ёшлар дастури” ишлаб чиқилган. Бу дастур 2020-2021 йилларда турли йўналишларда оширилиши керак бўлган ишларни ўзида қамраб олган. Шу билан биргаликда, ёшларни ўзлари қизиққан соҳалари бўйича билим ва кўникмага эга бўлиши учун мономарказларда махсус дарсларни йўлга қўйиш режалаштирилган. У ерда таҳсил олувчи ёшлар ўқиган соҳаси бўйича иш фаолиятини бошлаши мумкин бўлади.

Туманда 5 та “Yoshlar mehnat guzari” мажмуаси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Дастур бошлангандан буён “Ёшлар келажагимиз” жамғармаси ҳисобидан 7 та лойиҳага 990 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилиб, 45 та иш ўрни яратилди.

2021 йилда ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида бешта муҳим ташаббус доирасида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб ёшларнинг жамиятдаги ижтимоий фаоллигини ошириш чоралари кўрилмоқда. Ўз навбатида, юқори натижаларга эришаётган йигит-қизларнинг сафи ортмоқда.

29-болалар мусиқа ва санъат мактабида 441 нафар ўғил-қиз мусиқа, рақс, рассомлик, амалий санъат ва шу каби 14 та йўналишда таҳсил олмоқда. Мактаб ўқувчилари мунтазам равишда халқаро ва мамлакатимизда ўтказиладиган ижодий танлов, фестивалларда фаол иштирок этади.  

Жумладан, 2019 йилда 2 нафар ўқувчи Беларусь давлатида анъанавий хонандалик йўналишида ўтказилган халқаро танловда ғолиб бўлди. Яна 2 нафар ўқувчи Озарбайжон давлатида бўлиб ўтган ёш мусиқачилар танловида иккинчи ўринни эгаллади. Аслида санайдиган бўлсак, бу каби иқтидорли ўқувчиларнинг сони жуда кўп. Бундай натижаларга эришишда кўп йиллик тажрибага эга, малакали устозларнинг ўрни жуда катта.  

– Бу ерда кўплаб ёшлар наққошлик ва амалий санъат сирларини ўрганмоқда, – дейди қарийб 50 йилдан бери шу соҳада фаолият олиб бораётган наққош уста Мирмаҳмуд ота Мирабдуллаев. – Ёшлар тўгаракларда “устоз-шогирд” анъанаси асосида наққошликнинг энг оддий элементларидан то мураккабларигача ўрганади. Турли ижод намуналари орқали республика кўрик-танловларида фахрли ўринларни қўлга киритмоқда. Бундан жуда хурсандмиз. Сабаби миллий-маданий меросимизнинг давомчилари энди улардир.  

Ҳозир маҳаллаларда аҳолини спорт билан шуғулланиши учун “Street workоut” (маҳалла ва кўча фитнеси) майдончалари ташкил этилаётир. Бундан ташқари, туман Жисмоний тарбия ва спорт бўлимига умумий қиймати 22,8 миллион сўмлик мебель жиҳозлари, компьютер жамланмаси олиб берилди. Тумандаги мавжуд 42 та умумтаълим мактабида спорт тўгараклари ташкил этилган. Шунингдек, аҳолининг барча қатламлари ўртасида “Соғлом ҳаёт сари 5000 қадам” шиори остида ҳафтанинг ҳар шанба ва якшанба кунлари оммавий юриш тадбирлари ташкил этилмоқда.  

4 та сектор ҳудудидаги 54 та умумий ўрта таълим мактаби интернет тармоғига уланган. Бу паркентлик ёшларга компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланиш имконини беради.  

Тумандаги 8-умумий ўрта таълим мактабида сўнги йилларда аниқ фанлар бўйича малакали ёш ўқитувчилар дарс бериш учун жалб қилинди. Шу билан бирга барча фанлар бўйича тўгараклар фаолият юритаётир. Айниқса, информатика фани тўгарагига қизиқувчилар кўп. Бу ерда ёшларга дастурлаш ва бошқа IT йўналишларда амалий дарслар ўтилмоқда.  

– Мазкур соҳага қизиқувчи ўқувчиларимиз жуда кўп, – дейди 8-умумий ўрта таълим мактабининг математика ва информатика ўқитувчиси Ҳасан Эркинов. – Бугунги кунда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида uzbekcoders.uz ўқув порталида машғулотлар олиб борилмоқда. Машғулотларда маълумотларни таҳлил қилиш, андроид иловалар, веб-иловалар ва дастурий таъминот ишлаб чиқиш бўйича ўзбек тилида субтитр воситасида бепул видеокурслар тақдим этилади. Бунинг натижасида ўқувчилар ҳудудий фан олимпиадаларида юқори ўринларни эгалламоқда.  

Бугун туманда ўз тенгдошларига ибрат бўлаётган, жамиятдаги ўзгаришларда фаол иштирок этиб, тадбиркорлик қилаётган ғайратли ёшлар жуда кўп. Президентимизнинг 2020 йил 13 октябрдаги “Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ тадбиркорлигини бошламоқчи бўлган ёшларнинг зарур технология ва ускуналар харид қилиши учун субсидия ажратиш, кредит ва ер ажратиш борасида ҳам Паркент туманидаги сектор раҳбари томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда.  

Авваллари “Қорақалпоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида ёшлар учун спорт майдони, мини-стадион йўқ эди. Ушбу муаммони ёш тадбиркор Умиджон Усмонов тизимли ҳал қилиш мақсадида туман ҳокимлигидан кредит сўраб қилган мурожаати ижобий ҳал этилди.  

– Мутасаддилар томонидан мазкур қурилиш учун 12 сотих ер ҳамда имтиёзли кредит ажратилди, – дейди “Қорақалпоқ” МФЙда яшовчи У.Усмонов. – Режага кўра, спорт майдончаси жорий йилнинг дастлабки чорагида фойдаланишга топширилади. Спорт комплекси ишга туширилгач маҳалладаги барча ёшлар спорт билан шуғулланишига шароит яратилади.

Бу каби фаол тадбиркорлар қаторида “Дилфуза дизайн” оилавий корхонаси раҳбари Дилфуза Шамсиддинова ҳудуддаги 50 нафар хотин-қизни иш билан таъминлаган. Айни пайтда корхонада 100 турдаги аёллар, эркаклар ва болалар учун кийим-кечаклар ишлаб чиқарилади. Бу ерда кунига 4 мингта маҳсулот тайёрланиб, 100 фоиз Россия давлатига экспорт қилинади.  

– 2020 йилда пандемия бўлишига қарамай корхонамизда иш бир зум ҳам тўхтамади, – дейди корхона раҳбари Д.Шамсиддинова. – Саъй-ҳаракатларимиз билан 1 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқардик. Кийимларни тикишда маҳаллий хомашёдан фойдаланамиз. Жорий йилда фаолиятимизни кенгайтиришни мақсад қилганмиз. Биринчи галда замонавий кўринишга эга бўлган, бозор талабига мос миллий брендларимизни тайёрлаймиз. Бунинг учун ёш мутахассисларимиз етарли.  

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 27 январь куни ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида иқтидорли ёшларни кашф қилиш, уларнинг ташаббус ва интилишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ўзбекистон учун 100 ғоя” лойиҳаси илгари сурилди. Лойиҳа доирасида шаҳар ва қишлоқлардаги ташаббускор ёшларнинг иқтисодиёт, таълим, спорт, соғлиқни сақлаш, ахборот технологиялари каби соҳалардаги ғояларини рўёбга чиқариш учун шароит яратилади.  

Паркент туманида бошланган амалий чора-тадбирлар давлатимиз раҳбарининг ёшлар масалаларида амалга оширилиши зарур бўлган ташаббуслари ижросида муҳим аҳамият касб этади.  

 

А.Мусаев,  ЎзА