Шу кунларда “Тошкент тажрибаси” лойиҳаси доирасида мактаб ўқувчилари учун семинарлар ўтказилмоқда.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилган амалий семинарлар давомида пойтахтимиздаги 121, 154, 16, 266, 84, 121 ва 73-мактаб ўқувчилари иштирокида IТ-Парк экотизими, замонавий IТ жараёнлари ва технологиялар соҳасидаги имкониятлар ҳақида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда ўқувчилар ўзларига қизиқ бўлган саволларга жавоб олиб, IТ соҳасидаги турли йўналишлар ҳақида керакли билимларга эга бўлишди.

Шунингдек, уларга бугунги кунда талаб юқори бўлган IT касблари, шу жумладан дастурлаш, маълумотлар таҳлили, сунъий интеллект ва киберхавфсизлик соҳаларида ишлаш имкониятлари ҳақида маълумотлар тақдим этилди.
Семинар давомида ўқувчиларга ҳақиқий иш жараёнлари, дастурий таъминот ишлаб чиқиш ва инновацион технологияларни қандай амалиётда қўллаш ҳақида йўналишлар берилди.

Мутахассисларнинг қайд этишича, мазкур ташаббус ёшларнинг рақамли саводхонлигини ошириш, замонавий технологияларни ўрганиш ва амалий фаолиятга татбиқ этиш имкониятларини кенгайтиришда ёрдам беради.
Семинар ўқувчилар ўзлари учун келажакда қандай йўналишларни танлашни ва қайси соҳага қизиқишларини аниқлаш учун яхши имконият яратди.
Бу каби семинарлар 26 декабрга қадар давомий ўтказиб борилади.

Гулноза Бобоева, ЎзА