Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшларнинг инновацион лойиҳалари рағбатлантирилмоқда
16:50 / 2023-12-19

Пойтахтимизда “Давлат мобиль иловаларини ишлаб чиқиш” йўналиши бўйича “mGov Award” танловининг лойиҳаларини якуний баҳолашга бағишланган “Demo Day” тадбири бўлиб ўтди.

Ушбу танлов IT Park томонидан Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ва БАА ҳукумати кўмагида учинчи марта ўтказилмоқда.  

Танловни ишга туширишда икки ҳамкор мамлакат раҳбарияти иштирок этди. Ўзбекистон томонидан тадбирни IT Park директорининг инновациялар бўйича ўринбосари Жаҳонгир Ражабов, БАА томонидан Давлат хизматлари самарадорлиги бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи — Мушира Ал-Заруний очиб берди.    

“Demo Day” тадбирида Ўзбекистон ва БААдан келган мутахассислардан иборат махсус комиссия томонидан танланган энг яхши 20 та жамоа тақдимот ўтказди. Ҳар бир лойиҳага ўз ишланмалари ҳақида гапириб бериш ва ҳакамлар ҳайъатини уларнинг иловаларидаги у ёки бу муаммони ҳал қилишига ишонтириш учун 10 дақиқа вақт берилди.    

“mGov Award” танловининг мақсади ёшларнинг давлат билан жамоавий ишлаш ва мобиль давлат хизматларини яхшилаш учун инновацион ечимлар ишлаб чиқишдаги иштирокини рағбатлантириш. Яратилган ечимларнинг энг яхшилари давлат идораларида амалга оширилади.  

Мисол учун, “Demo Day” тадбирига йўлланма олган лойиҳалардан бири Drivesafe — уйқучанлик билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун видео мониторинг ва огоҳлантиришлардан фойдаланадиган илова.    

Voltiva — қулай фойдаланиш ва монетизация учун ягона дастур асосида қувватлаш станциялари, ҳайдовчилар ва уйдаги қувватлаш қурилмаларини бирлаштириш орқали электромобилларни қувватлаш жараёнини осонлаштиради.    

Ziyarat Mobile —маҳаллий ва хорижий сайёҳларга Ўзбекистондаги тарихий обидалар ҳақида батафсил маълумот берувчи мобиль илова. 

Joyla — яқин атрофдаги маҳсулотларни сотиб олиш ва сотиш учун мўлжалланган маҳаллий эълонлар платформаси.    

Танлов ғолиблари 2024 йил январь ойида бўлиб ўтадиган тақдирлаш маросимида эълон қилинади.    

Турнирнинг умумий соврин жамғармаси 100 минг АҚШ долларни ташкил этади.  

Н.Раҳмонова, ЎзА