Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшларнинг инновацион ғояларини рўёбга чиқарувчи марказ
13:32 / 2021-02-20

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети Шаҳрисабз филиалида инкубация маркази очилди.

Марказ ўз олдига филиалда илғор бизнес ғоялар ва инновацион ишларни мониторинг қилиш, танлаш ва инкубация қилиш, ёшларнинг бизнес ва стартап жамоаларини шакллантириш, лойиҳа фаолиятига тайёрлаш бўйича инновацион соҳадаги ёшлар ташаббусларини аниқлаш, IT-технологиялари бўйича интерактив курслар ташкил этиш ва техник хизмат кўрсатиш орқали ёшлар бизнес жамоаларини қўллаб-қувватлаш, талабалар, магистрантлар, докторантлар ва ёш олимларнинг илмий тадқиқот ва инновацион ишланмаларини ривожлантиришга кўмаклашиш каби вазифаларни қўйган.

- Лойиҳам мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган болажонларнинг инглиз ва рус тилларини тезроқ ўзлаштиришига кўмаклашадиган мултемедия дастурларини яратиш, - дейди филиалнинг 2-босқич талабаси Муҳриддин Очилов. – Бунда асосан болалар адабиётлари, масалан эртаклар, ҳикоялар мультимедия кўринишида яратилади. Ҳозирча бу лойиҳаларимиз инглиз ва рус тилларида тайёрланмоқда. Келажакда бошқа тилларда ҳам тайёрлашни мўлжаллаганмиз. Энг асосийси бу дастур орқали болажонлар тилларни кўриш ва тинглаш орқали ўзлаштиришади. Университетимизда фаолият бошлаган марказ эса бу каби лойиҳаларимизни амалиётга тадбиқ этишимизда муҳим аҳамият касб этади.

[gallery-1232]

ОТМ қошидаги инкубация марказни ташкил этишдан кўзланган мақсад иқтидорли ёшлар ўртасида яратилаётган инновацион лойиҳалар сифати ва сони билан қизиқишдир. Инкубация маркази ўз навбатида талабалар учун оригинал илмий-техник ғояларни амалга оширувчи кичик инновацион лойиҳаларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун қулай шарт-шароитлар яратади. Инкубация марказида талабалар ўз ғоялари ва лойиҳаларини амалга оширишлари ёки устоз, мураббий ва мутахассислардан ёрдам сўрашлари мумкин, балки стартап экотизимнинг ўзида бўлиш ва бутунлай тадбиркорлик муҳитини тўлиқ ҳис қилиш бахтига сазовор бўлади. Мазку инкубацион марказда 2 та ўқув хонаси, 14 та замонавий компьютер ва ёш олимларнинг ўқиб изланишлари учун барча зарур АКТ жиҳозлари мавжуд.

Тадбир давомида филиал профессор-ўқитувчилари ва талабалари томонидан олиб борилаётган илмий тадқиқот ишлари лойиҳалари ва дастурий ишланмалар ҳамда ахборот коммуникация технологиялари соҳасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида тақдимотлар ўтказилди.

- Ҳозирда мен туризм бўйича битта лойиҳа қиляпман, - дейди филиалнинг 2-босқич талабаси Илёс Зоҳиров. - Лойиҳанинг асосий мақсади республикамиздаги барча тарихий қадамжолар ҳақидаги маълумотлар ва уларга олиб борувчи йўлларни бирлаштирувчи электрон харита тузиш. Бу харита орқали ҳар қандай сайёҳ қийналмасдан ўша жойни топиб бориши мумкин. Тўғри, бугун бу каби ишланмалар кўп. Улардан фарқли улароқ мен тузган харитага кам танилган ва умуман танилмаган тарихий объектлар киритилади. Шу орқали мамлакатимиз туризам салоҳиятини янада ривожланишига ҳисса қўшишни мақсад қилганман. Ҳозирча лойиҳам ғоя босқичида. Университетимизда ушбу марказнинг очилиши ҳам мен учун кутилмаган совға бўлди десам адашмайман. Боиси бу ерда лойиҳамни тайёрлашим ва амалиётга тадбиқ этишим учун барча имкониятлар бор.

Келажакда инкубация маркази консалтинг хизматлар кўрсатиш, шу жумладан, шартнома асосида рақамли иқтисодиёт, педагогика-психология, физика астраномия ва таълимнинг барча соҳаларида илмий тадқиқотлар олиб бориш, халқаро грантлар, илмий тадқиқот лойиҳалари танловлари ва конференцияларда иштирок этиш билан ҳам шуғулланади.

Ў.БАРОТОВ, Ж.Норқобилов (сурат), ЎзА