English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшларнинг ҳуқуқий онгини оширишга қаратилган ҳафта
15:50 / 2025-12-02

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туман ихтисослаштирилган мактабида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 33 йиллиги кенг нишонланиб, ушбу сана муносабати билан ўқувчиларнинг ҳуқуқий билимини оширишга қаратилган қатор маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда.

Конституция халқнинг эркинлиги, тинч ҳаёти ва фаровон келажагининг ҳуқуқий пойдевори ҳисобланади. Шунинг учун ёшларда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни шакллантириш таълим муассасасининг энг муҳим вазифаларидан биридир.

Тадбирлар доирасида 9-11 синф ўқувчилари ўртасида “Шунқорлар баҳси” ташкил этилди. Баҳс давомида ўқувчилар Конституциянинг асосий тамойиллари, инсон ҳуқуқлари ва бурчлари ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашиб, қизғин мунозаралар олиб борди. Ташкил этилган “Ҳуқуқингизни биласизми?” номли викторина ва давра суҳбатларида ҳам ўқувчилар фаол иштирок этиб, ўз билим ва қарашларини намойиш қилди. Шунингдек, Конституция мавзусида расмлар танлови ўтказилиб, ёш ижодкорлар ўз асарларида мамлакатимизда инсон ҳуқуқларига берилган юксак эътиборни равшан ифодалашди.

– Ушбу тадбирлар ўқувчиларда ҳуқуқий масалалар бўйича эркин фикрлаш, савол қўйиш, ўз позициясини ҳимоя қилиш кўникмаларини ривожлантиради, – дейди мактаб раҳбарининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Д.Хидирова. – Конституция кунини кенг нишонлаш орқали ёшларга асосий қонуннинг мазмун-моҳиятини чуқурроқ англатиш ва уларни фаол, масъулиятли фуқаро сифатида тарбиялаш мақсад қилинган.

[gallery-26502]

Эрта тонгдан барча синфларда “Келажак соати” доирасида “Менинг ҳуқуқларим” мавзусида дарслар ўтказилди. Дарс жараёнларида ўқувчиларга Конституциянинг асосий боб ва моддалари, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда фуқаролик жамияти асослари ҳақида содда ва тушунарли тарзда маълумотлар берилди.

Мактаб маъмурияти таъкидлашича, бир ҳафта давомида бундай тадбирлар тизимли давом эттирилади ва ҳуқуқий таълимни кучайтиришга қаратилган янги интерактив ўқув машғулотлари, учрашувлар ва танловлар ташкил этилиши режалаштирилган.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари