Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш юрт тараққиёти учун муҳим
17:21 / 2024-06-05

Мамлакатимиз тараққиёти йўлида аввало ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш далзарбдир. Боиси ҳар бир миллатнинг келажаги ёшларнинг қўлида ва уларнинг ҳуқуқий саводхонлиги жиддий эътибор талаб этади. Бу борада эса ҳуқуқий таълим тизимини шакллантириш, сифатни ошириш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги фармони билан еттита устувор йўналиш белгиланди. Стратегиянинг «Маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш» деб номланган 5-устувор йўналиши 70-мақсадида ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш борасида белгиланган вазифалардан бири «Ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти даражасини юксалтириш»дир.

Ёшларнинг ҳуқуқий таълими уларнинг билим ва тажрибасини шакллантиришга катта хизмат қилиб, ижтимоий жамиятда қонун бузилиш ҳолатлари, зўравонлик ва низоларнинг олдини олишда муҳим ўрин тутади.  

Юксак ҳуқуқий маданиятга асосланган демократик жамиятнинг халқаро миқёсда эътироф этилган принциплари мавжуд. Булар эркинлик, халқлар ва миллатларнинг ўзаро дўстлиги, барча фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилиги, инсоннинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириши ва амалга ошириши, жамият бошқарувида қонун устуворлиги ва бошқалардан иборат.  

Ўзбекистонда ижтимоий, иқтисодий, сиёсий соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар демократик ҳуқуқий давлат, эркин ва фаровон фуқаролик жамияти тузишга қаратилган. Ушбу саъй-ҳаракатлар ҳар бир ёшнинг тўла маънода ижтимоий-сиёсий фаол бўлиши кераклигини талаб этади. 

Мазкур доиралардаги кенг ўзгаришларнинг мазмун моҳиятини яхши англамай туриб, фаол фуқаролик позициясини билдириш қийин. Бу кўзланган мақсадларга эришиш учун энг аввал ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш асосий масалаларидан бири саналади.  

Хўш, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтиришда давлат органлари ва ташкилотларининг вазифалари қандай? Адлия органлари ва муассасалари мисолида ўрганадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 майдаги «Маъмурий ислоҳотлар доирасида Адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисидаги» фармони айни муддао бўлади.  

Ушбу фармоннинг 4-бандида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, қонунчилик ҳужжатларини ижрочиларга етказиш ҳамда уларнинг моҳиятини аҳолига тушунтириш мақсадида Адлия органлари ва ташкилотларига бир қанча вазифалар белгилаб берилди. 

Хусусан, унга кўра мактабларда 2024-2025-ўқув йилидан бошлаб Адлия вазирлигининг махсус электрон платформаси орқали ҳуқуқ фани ўқитувчиларининг касбий билим ва кўникмаларини узлуксиз ошириб бориш ҳамда уларни методик таъминлаш тизими йўлга қўйилади.  

Ўқувчилар ўртасида «Ҳуқуқ билимдони» фан олимпиадаси, ҳуқуқ фани ўқитувчилари ўртасида «Энг яхши ҳуқуқ ўқитувчиси» кўрик-танлови ўтказиб борилади.  

Шунингдек, мактаб ўқувчиларининг ҳуқуқий билимларни мустақил ўзлаштиришига қаратилган кўргазмали ўқув қўлланмалари, видеороликлар, компьютер ўйинлари ва мобиль иловалар яратилади.  

Дарҳақиқат, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда юқори малакали ўқитувчи кадрлар зарур. Шу сабаб ҳам ҳуқуқ фани ўқитувчиларининг касбий билим ва кўникмаларини шакллантириш ҳамда уларни методик таъминлаш муҳимдир. Бундан ташқари, «Ҳуқуқ билимдони» фан олимпиадаси, ҳуқуқ фани ўқитувчилари ўртасида «Энг яхши ҳуқуқ ўқитувчиси» кўрик-танлови ўтказиб борилиши ҳуқуқ фанини аҳамияти ва жозибадорлигини оширади. Фанни ўрганишда ҳуқуқий билимларни мустақил ўзлаштиришига қаратилган кўргазмали ўқув қўлланмалари, видеороликлар, компьютер ўйинлари ва мобиль иловалар яратилиши янада қулай бўлади.

Юқоридаги фармоннинг 6-банди ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ва уларнинг ҳуқуқий тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи омилларга нисбатан ҳуқуқий иммунитетни шакллантиришга қаратилган «Мамлакат келажаги – қонунга итоаткор ва ҳуқуқбузарликка тоқатсиз ёшлар билан» ғояси асосида адлия органлари ва муассасалари, шу жумладан, Тошкент давлат юридик университети ва юридик техникумларга вазифалар белгиланган.  

Унга кўра, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, қонунларга ҳурмат, мамлакат тақдирига дахлдорлик ҳамда ватанпарварлик ҳиссини кучайтиришга қаратилган комплекс ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ташкил қилиш кўзда тутилган.

Адлия органлари ва муассасаларига ёшларнинг ташрифини ташкил қилиш орқали «Тенгдошимга ҳуқуқий ёрдам» тадбирларини ўтказиб бориш, ҳуқуқшунослик касбининг обрўси ва нуфузини ошириш, ёшларда ушбу касбга нисбатан ҳурмат ва фахр туйғуларини шакллантириш, уларни ҳуқуқий билим олишга қизиқтириш бўйича амалий тадбирларни ташкил қилиш, таълим муассасаларида «Ҳуқуқий билимлар ойлиги»ни ўтказиб бориш ва ёшларнинг ҳуқуқий билим олишларини рағбатлантиришга қаратилган турли ҳуқуқий мавзулардаги семинар-тренинглар ва танловларни ташкил қилиш белгиланган. 

Албатта, ҳар бир шахс ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўрганиши ва таҳлил этиши юртимиз келажагига қонунларни ҳурмат қиладиган ва амал қиладиган, қонунбузилиш ҳолатларига муросасиз ёндашадиган фуқароларни етишиб чиқишига замин яратади.  

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ўзбекистон демократик ҳуқуқий давлатдан фуқаролик жамиятига ўтиш йўлида самарали чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Шундай экан, ҳуқуқий билимларга эга бўлган ва уни амалиётга татбиқ эта оладиган ҳар бир фуқаро юрт келажагига муносиб ҳисса қўша олади.

Камол МАРДОНОВ,

Тошкент давлат юридик университети

катта ўқитувчиси.

ЎзА