Ёш авлод вакилларининг экологик маданиятини юксалтириш, уларда атроф-муҳитга масъулият ҳиссини уйғотиш бугунги экологик хавф-хатарлар шароитида муҳим ҳисобланади. Зеро, ёшларнинг экофаоллиги келгусида экологик барқарорликни таъминлаш, табиат муҳофазасида ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Бу борада Ўзбекистон Экологик партияси ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари томонидан бир қатор тадбирлар, тарғибот-тушунтириш ишлари мунтазам олиб борилади. Хусусан, Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент филиали академик лицейида “Экология ва атроф-муҳит муаммолари” мавзусида депутат ва ёшлар учрашуви ўтказилди.

Тадбирда халқ депутатлари Бектемир туман Кенгашига Ўзбекистон Экологик партиясидан сайланган депутат Татяна Югай иштирок этиб, мамлакатимизда экология соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, долзарб муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан батафсил маълумот берди.

Учрашув давомида экологик соҳага бефарқ бўлмаган фаол ёшлар билан биргаликда атроф-муҳит муаммоларига қарши курашиш ва тарғибот ишларини олиб боришга қаратилган “Экологик ташаббус” гуруҳини ташкил этишга келишиб олинди.
Шунингдек, келгусида партия "Ёшлар қаноти" фаоллари билан ҳамкорликни янада кучайтириш, қўшма лойиҳалар ва экологик тадбирларни мунтазам ўтказиш режалаштирилди.
М.Комилова,
ЎзА