Ўзбекистон Экологик партияси ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Унда Ўзбекистон Экологик партияси марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Абдушукур Ҳамзаев, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Темур Поёнов, партия ва иттифоқ ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Бугунги кунда партия аъзоларининг 298 минг 720 нафари, яъни 48 фоизини ёшлар ташкил этади.
Тадбирда глобал иқлим ўзгариши, аҳоли сонининг ўсиши ва иқтисодиёт тармоқларининг кенгайиши, уларнинг сувга бўлган талаби ортиб бориши ва сув ресурсларининг тақчиллиги йилдан йилга кучайиб бораётгани, аҳоли ўртасида экологик маданиятни ошириш ва бунда ёшларнинг ролини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этиб ўтилди.
Таъкидланганидек, келгусида экологик барқарорликка эришишда ёшларнинг экологик билим ва маданиятини юксалтириб бориш муҳим эканлигини яхши англаган ҳолда Ўзбекистон Экологик партияси томонидан бу борада бир қатор ишлар олиб борилмоқда.
“Ёшлар парламенти” аъзолари иштирокида ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларда ахборот олиш маданиятини шакллантириш мақсадида жами 200 та учрашув ўтказилиб, 15 минг нафар иштирокчи қамраб олинди.
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи билан тузилган меморандум доирасида бу борадаги ишларни янада ривожлантириш кўзда тутилган. Меморандум доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар бўйича “Йўл харитаси”ни тузишга келишиб олинди.
Гулноза Бобоева, ЎзА