Бугунги кунда Самарқанд вилояти аҳолиси (3 миллион 947 минг нафар)нинг 711 минг нафардан ортиғини 18 дан 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил қилади.
Маҳаллаларда “Ёшлар дафтари”ни шакллантириш жараёнида 108 минг нафар ёшнинг муаммолари борлиги қайд этилди. Аниқланган муаммоларни бартараф этиш, ёшлар билан ишлаш мақсадида ҳокимликлар, секторлар кесимида вазифалар белгилаб олинди. Шунингдек, вилоят бўйича ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш бўйича 123 бандни ўз ичига олган чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
– Дастурда ёшлар билан ишлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш мақсадида бир нечта устувор йўналишлар белгилаб олинди, – дейди Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Ҳусан Тўхтаев. – Жумладан, “Ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб этиш ва касб-ҳунарга ўқитиш йўналиши”да тижорат банклари томонидан 185 миллиард сўм маблағ ажратилади.
Шунинг ҳисобидан Пастдарғом туманида анорчилик, Самарқанд туманида туризм соҳасини янада ривожлантириш орқали ёшлар учун янги иш ўринлари яратилади. “Ёшларни мусиқа, рассомчилик, театр ва санъатнинг бошқа турларига бўлган қизиқишларини ошириш, истеъдодини юзага чиқариш йўналиши”да вилоятдаги маданият марказларини 858 та миллий мусиқа асбоблари ва амалий санъат дастгоҳлари билан таъминлаш кўзда тутилган.
Умумтаълим мактабларида “Баркамол авлод” болалар мактабларининг 90 та тармоқ тўгараги ташкил этилади. Ёшларнинг спорт соҳасидаги қобилиятини рўёбга чиқариш, уларни жисмоний чиниқтириш ва ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида барча туман ва шаҳарлар марказларида “Саломатлик йўлаклари” ташкил этилади, 6 та спорт объекти фойдаланишга топширилади, 21 та спорт мактаби спорт анжомлари билан таъминланади.
“Ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш, медиа саводхонликни ривожлантириш йўналиши”да Булунғур, Каттақўрғон, Қўшработ, Пайариқ, Нуробод, Нарпай ва Пахтачи туманларида рақамли технологиялар ўқув марказлари фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган. Вилоятдаги 506 та умумтаълим мактаби оптик толали интернет билан таъминланади.
Шунингдек, мазкур дастурда вилоят бўйича 46 та “Ёшлар меҳнат гузари”, 17 та “Ёшлар кичик саноат зонаси”, 2 та мактаб, Пайариқ туманида “Ёшлар кутубхонаси”, Булунғурда замонавий ахборот-кутубхона маркази қуриш белгиланган. Ёшларнинг истеъдодини рўёбга чиқариш мақсадида барча туман ва шаҳарларда кимё-биология, математика, ахборот технологияларига ихтисослашган 19 та мактаб ташкил этилади. Эътиборлиси, бу йил вилоятнинг Нуробод, Пахтачи ва Қўшработ туманларида “Ёшлар марказ”лари фойдаланишга топширилади.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА