Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшларни ёт ғоялардан асрайлик
12:15 / 2023-10-07

Андижон давлат университетида “Жаҳолатга қарши маърифат” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Андижон вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари Раҳматилло Арзиев, университет биринчи проректори Хуршидбек Хўжамбердиев, профессор-ўқитувчилар, тьютор ва талабалар иштирокида ўтказилган давра суҳбатида ёшларни экстремистик, террористик ва миссионерлик ғояларидан асраш, уларнинг ана шу ғояларга қарши маънавий иммунитетини, ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш масалалари хусусида атрофлича сўз юритилди.

Тадбирда бугунги кунда жамиятни диний ақидапарастлик ғояларининг салбий таъсиридан сақлаш, айниқса, ёшларнинг маънавий-маърифий билим ва тушунчаларини бойитишга қаратилган, хусусан, “Бешта муҳим ташаббус” доирасида ўтказилаётган тадбирлар, интеллектуал ўйинлар ҳамда спорт мусобақаларининг ўрни муҳим эканлиги алоҳида таъкидланди. 

Иштирокчилар томонидан мазкур йўналишдаги тарғибот ҳамда ёшлар билан ишлаш борасидаги ишлар сифати ва самарадорлигини ошириш, юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

[gallery-13896]

– Минг афсуски, бугунги кунда айрим тенгдошларимиз турли ёт ғоялар, "оммавий маданият" кўринишлари таъсирига тушиб қолмоқда, – дейди Тарих факультети архившунослик йўналиши талабаси Бегижон Козимов. – Тадбир давомида ана шу каби ҳолатлар ҳақида ҳаётий мисоллар асосида кенг маълумотлар олдик. Биз талабалар билиб-билмай нотўғри йўлга кириб қолаётган ёшларни тўғри йўлга қайтаришда янада фаол бўлишимиз зарур.

Давра суҳбатида Янги Ўзбекистонни барпо этиш, Учинчи Ренессанс пойдеворини мустаҳкамлаш учун ёшларимиз фаоллиги, берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, Ватанимиз равнақи ва тараққиётига хизмат қиладиган инсонлар бўлиб камол топиши муҳим эканлиги алоҳида қайд этилди. 

Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари