English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшларни ёт ғоялардан асраш юртимиз зиёлиларининг қалб амридир
17:46 / 2023-07-31

Республика Маънавият ва маърифат маркази фаоллари ҳамда бир гуруҳ маърифат тарғиботчиларининг Ўзбекистон халқига мурожаатини ўқиб, очиғи, жуда хурсанд бўлдим. Мурожаатда маънавиятимиз, ёш авлод тарбияси, қадриятларимизни асраб-авайлаш билан боғлиқ жуда кўп муҳим масалалар хусусида сўз юритилган.

Қолаверса, мурожаатномада илгари сурилган фикрлар нафақат мен, балки мен каби минглаб юртимиз зиёлиларининг дилдаги гаплар эканига асло шубҳа қилмайман.  

Ҳақиқатдан ҳам Янги Ўзбекистонни шакллантириш, эркин ва демократик фуқаролик жамиятини қуриш, Учинчи ренессанс пойдеворини бунёд этиш жараёнлари кетаётган бугунги кунда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, юртдошларимиз онг-тафаккурини юксалтириш, хориж матбуоти, айниқса, интернетдаги ижтимоий тармоқларда “очиқлик”, “демократия”, “оммавий маданият” кўринишлари ортидаги ёт ғоялар, диний-экстремистик қарашлар таъсиридан, айниқса, ёшларни асрашда жамиятимиз зиёлилари, ўқитувчи ва мураббийларнинг ўрни ва роли ниҳоятда катта.  

Айни пайтда кўплаб ёшларимиз бўш вақтларини интернетда, хусусан, турли ижтимоий тармоқларда ўтказаётгани сир эмас. Интернетдан кимдир дарсларда фойдаланиш учун зарур маълумотлар олмоқда, яна кимдир янгиликлардан хабардор бўлмоқда. Кимлардир ижтимоий тармоқлар орқали янги-янги дўстлар орттирмоқда, узоқдаги ўз яқинлари билан мулоқотда бўлмоқда. Бунинг нимаси ёмон, техника даври, тараққиёт дерсиз? Тўғри, бунинг ёмон томони йўқ. Тан олишимиз керак, замонавий ахборот коммуникация технологиялари, айниқса, интернет узоғимизни яқин, ишимизни енгил қилмоқда.  

Агар зарур бўлса, интернет ёрдамида бир неча дақиқа ичида ўзимиз хоҳлаган мавзу бўйича истаганимизча маълумот олишимиз мумкин. Лекин ёшларимизнинг интернет ва ижтимоий тармоқлардан, улардаги маълумотлардан оқилона фойдаланишлари борасида жиддий ўйлаб кўришимиз керак бўлган жиҳатлар талайгина. Талабалар, умуман, ёшларни кузатиб бораман. Уларнинг аксарияти бўш қолди дегунча, дарров қўл телефони билан машғул бўлади. Қандайдир ўйин ўйнайди, қўшиқ эшитади, фильм томоша қилади. Минг афсуски, бундай кўриниш кўлами йилдан йилга ортиб бормоқда. Уларнинг мобил телефон, интернетга бу қадар боғланиб қолишларини эса асло оқлаб бўлмайди. Бу энг аввало, ёшларимизнинг саломатлигига, маънавиятига салбий таъсир кўрсатади, пухта билим олишдан чалғитади.  

Сир эмаски, бугун медиа маконда маданиятсизлик, ахлоқсизлик кўринишлари, миллатимиз маънавиятига зид бўлган ғоялар кенг тарғиб этилмоқда. Бу билан кимлардир ўзларининг ғаразли манфаати йўлида миллий ва диний қадриятларимизга, халқимизнинг эзгулик ҳамда яхшиликка хизмат қилувчи ўзига хос, умрбоқий анъаналари илдизига болта уришга уринмоқда. Бундай ҳолатга биз – зиёлиларнинг томошабин бўлиб қараб туришимиз ёки эътиборсиз қарашимиз ҳеч бир мезонга тўғри келмайди.  

Инсоният тарихининг барча даврларида улуғ аждодларимиз миллатимиз шаъни, қадр-қимматини юксакларга кўтариш, миллий қадриятларимизни эъзозлаш йўлида курашган, бу борада дунё халқларига ибрат бўлган. Бугун биз ҳам бу борада кўпларга ибрат бўлишимиз лозим. Келажагимиз эгалари бўлган ёшларни ёт ва бузғунчи ғоялардан асраб-авайлаш, ёт ғоялар, қарашлар таъсиридан ҳимоя қилиш, уларга тўғри йўлни кўрсатиш биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Шу ўринда алоҳида таъкидлашни истар эдимки, Андижон давлат университети жамоаси, профессор-ўқитувчилари ушбу масалага ҳамиша жиддий эътибор қаратиб келади.  

Турли тадбирлар, талабалар билан бевосита суҳбатларда талаба ёшларимизга интернет маълумотларидан тўғри ва оқилона фойдаланиш, билиб-билмасдан турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмаслик юзасидан тушунтиришлар бериб борилмоқда. Жамоамиз томонидан тўла қўллаб-қувватланган Мурожаатдан келиб чиқиб, албатта, бу борада тарғибот ишларини янада кучайтиришга, илғор ва самарали тарғибот усуллардан кенг фойдаланишга ҳаракат қиламиз. Халқаро интернет тармоғи орқали тарқатилаётган бузғунчи ғоялар, ғаразли ахборотлар, ҳаётимиз зийнати бўлган одоб-ахлоқимиз, маънавиятимизга салбий таъсир кўрсатадиган бузғунчи акциялар, ёшларни залолатга бошлайдиган жирканч тасвир ва медиа маҳсулотлар моҳиятини кескин фош этиб, оқни-оқ, қорани-қора, деб, асл ҳақиқатни юзага чиқариш учун бор имкониятларимизни ишга соламиз.  

Қолаверса, юрт манфаати ҳимояси, ёш авлод тарбияси билан боғлиқ ушбу иш ана шу жараёнга ҳаммадан ҳам кўпроқ масъул бўлган биз - зиёлиларнинг қалб амрига айланади. Мурожаатда: “Ҳеч қачон унутмайлик, маънавий курашлар соҳасида ҳам фақат ва фақат буюк азму шижоат билан дадил ҳаракат қилган, олдинга қараб борган жамиятгина мақсадига етади” деган гаплар бежиз айтилмаган.  

 Акрамжон Юлдашев,

Андижон давлат университети ректори, профессор. 

ЎзА