English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшларни ёт ғоялардан асраш керак...
13:45 / 2023-02-23

Форишда Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари туман ўқувчи-ёшлари билан учрашиб, “Жаҳолатга қарши маърифат билан” мавзусида давра суҳбати ўтказди.

Тадбирда вилоят ва туман ҳокимликлари, вилоят ички ишлар бошқармаси, Маънавият-маърифат маркази туман бўлинмаси, дин ишлари бўйича қўмитанинг туман вакиллари ҳамда ўқувчи ёшлар иштирок этди.

Давра суҳбати давомида вилоят ҳокимининг ўринбосари Латифжон Аҳмаджонов инсониятни ташвишга солиб келаётган диний экстремизмнинг олдини олиш бугун ҳам долзарб масалалардан эканлигини алоҳида таъкидлади.  

Статистика соҳаси мутахассисларининг берган маълумотларига кўра, дунё бўйича бир йилда 1 миллион 300 мингдан ортиқ инсон диний экстремизм жабрдийдасига айланар экан. Энг ачинарлиси, ушбу маълумотларнинг катта қисми ёшлар билан боғлиқ ҳолатни қайд этган. Бу эса ҳар бир инсонни ёшлар билан тарбия жараёнини янада оширишга ундаши, бор эътиборини огоҳликни кучайтиришга қаратиши лозимлигини тақозо қилмоқда.

Бугунги глобаллашган ахборот жамиятида ҳеч бир қуролсиз ва босқинларсиз ҳам маънавий ва мафкуравий ҳужумлар воситасида одамларнинг тафаккури, онги ва дунёқарашини эгаллашга уринишлар тобора кўзга ташлана бошлади. Бу курашда бошқа ҳудуд ва халқларни ўзига қарам қилиш учун маънавий бузғунчилик орқали очиқ кўриш ва сезиш қийин бўлган усул ва воситалардан фойдаланилаётганлиги тадбир давомида айтиб ўтилди.

– Диний экстремизмга қарши курашни фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш тамойилида олиб боришимиз лозим, – деди вилоят ҳокимининг ўринбосари Латифжон Аҳмаджонов. – Юртимиздаги барқарор ижтимоий – иқтисодий вазият, кучли ижтимоий сиёсат, миллий ғоя негизида мафкуравий тарбия ва маънавий – маърифий тарғибот ишлари, халқимизнинг ўз эътиқодига содиқлик тамойилларини аллақачон аниқ белгилаб олинганлигини алоҳида таъкидлаган бўлардим. Жаҳолатга қарши маърифат билан кураш олиб бориш, ҳар биримизнинг шиоримиз ва бурчимиз бўлмоғи шарт.  

Шунингдек, давра суҳбати давомида иштирокчилар вилоят ички ишлар бошқармаси терроризмга қарши кураш бўлими бошлиғи, майор Жасур Абдуллаев, вилоят ички ишлар бошқармаси терроризмга қарши кураш бўлими ходими Ғайрат Пўлатов, дин ишлари бўйича қўмитанинг Фориш туман бўйича бош мутахассиси Жавоҳир Мамадалиев, туман маънавият-маърифат маркази бошлиғи Нодир Солиевларнинг мавзуга оид чиқишларини ҳам катта қизиқиш билан тингладилар.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган давра суҳбатида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.

А.ҚАЮМОВ,

Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА