Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш энг муҳим вазифа
19:00 / 2024-06-21

Ҳар қандай давлат ўз истиқболини соғлом ва баркамол авлод тимсолида кўради. Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, кучли фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий демократик давлат қуриш мақсадини рўёбга чиқаришни ҳам ёшлар иштирокисиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда ёшларнинг замонавий билимларни эгаллаши, ватанпарвар бўлиши, ватанга дахлдорлик ҳиссини кучайтириши, саломатлигини мустаҳкамлаши, ўз кучи, билим ва салоҳиятини ошириши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Хусусан, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда она Ватанга садоқат ҳамда ҳарбий хизматга ҳурмат туйғуларини сингдириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича узлуксиз олиб бориладиган ишлар биз учун долзарб аҳамиятга эгадир. Ватанпарварлик ҳар бир давлат ҳаётининг маънавий асоси ҳисобланади ва жамиятни ҳар томонлама ривожлантириш борасида энг муҳим сафарбар этувчи куч сифатида намоён бўлади”. 

Аксарият ривожланган мамлакатларда фуқароларнинг ватанпарварлик тарбияси бўйича давлат дастурлари, ҳарбий ватанпарварлик тарбияси самарадорлигини ошириш концепциялари қабул қилинган, ёшларнинг ватанпарварлик борасидаги тарбияси билан шуғулланувчи ва давлат томонидан молиявий кўмак берилувчи кўплаб жамоатчилик асосидаги фахрийлар ва жамоатчилик ташкилотлари ташкил этилган. 

 Мамлакатимизда ҳам ёшларда ватанга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш мақсадида муайян ишлар амалга оширилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган “Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш концепция”си қабул қилинди. Унга кўра, ёшларни миллий ғоя ва ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг қалби ва онгига ватан ҳимояси шарафли ва муқаддас бурч эканлигини сингдириш, қадимий тарихимиз ва маданиятимиз, жонажон Ватанимизнинг мустақиллиги ва равнақи йўлида фидокорона курашган миллий қаҳрамонларимиз билан фахрланиш, уларга муносиб бўлиш туйғусини шакллантириш, миллий армиямизнинг қудратини ва салоҳиятига бўлган ишончни кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Айниқса, ҳарбий ватанпарварлик тарбиясини мустаҳкамлаш мақсадида ҳарбий таълим-тарбия берадиган жойларда “Темурбеклар мактаби” ташкил этилди, турли соҳа ва тармоқларда юқори натижаларга эришиб келаётган йигитлар учун “Мард ўғлон” номли Давлат мукофоти ва ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда, ўқишда, меҳнатда, жамоат ишларида ҳар томонлама фаол бўлган йигит-қизларни тақдирлаш мақсадида “Келажак бунёдкори” медали таъсис этилди. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 17 апрелдаги “Умумий ўрта таълим мактабларида ҳарбий-ватанпарварлик синфлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун етарли билимга эга бўлган иқтидорли ёшларни тайёрлашда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

– Маълумки, бугунги кунда Миллий гвардия тасарруфида Жамоат хавфсизлиги университети, “Темурбеклар мактаби” ва Ҳарбий мусиқа академик лицейи, шунингдек, республикамиз бўйлаб жами 56 та мактабда, хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда 4 тадан мактабда ҳарбий-ватанпарварлик синфлари фаолият юритмоқда, – дейди Миллий гвардия марказий девони катта офицери Мурод Павлисов. – Давлатимиз раҳбарининг қарорига асосан “Ўзбекистон – 2030” стратегиясидаги вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида барча умумтаълим мактабларида “Ёш гвардиячи” синфлари очилиши белгиланди. Шунга мувофиқ республикамиз бўйича 121 та синф фаолият бошлади. Уларда 3 минг 253 нафар ўғил-қиз таҳсил олмоқда. 2024-2025 янги ўқув йилида бу каби синфларнинг сони янада кўпайиши кўзда тутилмоқда. Ушбу синфларда ўқиш муддати беш йил бўлиб, 6 синфни битирган ўқувчилар қабул қилинади ва 7-11 синфларда таҳсил олади. Мактабларда ташкил қилинган қабул комиссиялари томонидан мазкур синфларга кириш истагини билдирган номзодлардан тегишли ҳужжатлар 1 июлдан 20 июль кунига қадар қабул қилинади. 25 август кунигача белгиланган тартибда жисмоний тайёргарлик ва тегишли фанлар йўналиши бўйича тест синовлари ўтказилади. Ҳарбий-ватанпарварлик синфларига қабул қилиш бўйича танлов тенг ҳуқуқлилик ва қабул қилишнинг ягона қоидалари асосида амалга оширилади. Танловнинг якуний натижалари 25 август куни эълон қилинади.

 Миллий гвардиянинг Ҳарбий мусиқа академик лицейига номзодлар Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ амалга оширилади. Миллий гвардия Ҳарбий мусиқа академик лицейининг 5-синфига умумий ўрта таълим муассасаларининг 4-синфини битирган иқтидорли ўғил-қизлар ўқишга қабул қилинади. Номзодларнинг ҳужжатлари 1 июндан 20 июнга қадар қабул қилинади. Кириш имтиҳонлари 20–30 июнь кунлари давомида ўтказилиб, унда номзодлар она тили, ўқиш, математика, психологик синов ва ижодий имтиҳон топширади. Кириш имтиҳонларининг якуний натижалари академик лицей қабул комиссияси томонидан 5 июлгача оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинади.

 Президентимизнинг 2019 йил 28 июндаги “Ўсмирларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва давлат хизмати учун кадрлар захирасини тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия таркибида принципиал янги “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейлари ташкил этилди. “Темурбеклар мактаби”да ўқиш давомийлиги икки йил бўлиб, лицейнинг йиллик қабул квотаси 150 нафарни ташкил этади. Номзодларни ўқишга қабул қилиш “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи тўғрисидаги низом ҳамда “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейларнинг устави асосида амалга оширилади. “Темурбеклар мактаби”га умумтаълим ва ихтисослаштирилган мактаб-интернатларининг 9-синфини тамомлаган, соғлиғининг ҳолатига кўра ўқишга яроқли деб топилган ҳамда ҳаққоний ва шаффофлик тамойилларига асосланган саралаш танловидан муваффақиятли ўтган ва тест синовларини топшириб, юқори натижаларни кўрсатганлар ўқишга қабул қилинади.

Эслатиб ўтиш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 30 октябрдаги қарорига мувофиқ 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб, Миллий гвардия Тошкент “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейига қиз болалар ҳам қабул қилинади. Бунда саралаш босқичи дастлабки танлаш, ҳарбий-касбий танлов ва тест синовларидан иборат. Номзодлар учун дастлабки танлаш уларнинг аризалари асосида яшаш жойи бўйича мудофаа ишлари бўйича бўлимларда 1 апрелдан 30 апрелга қадар ўтказилади. Унда номзод тўғрисидаги тегишли ҳужжатлар ва уни тавсифловчи маълумотлар тўпланади. Ҳарбий-касбий танлаш босқичи номзоднинг яшаш жойи бўйича мудофаа ишлари бошқармаларида 1 майдан 20 июнь кунига қадар ўтказилади. Унда номзоднинг соғлиги, саводхонлик даражаси, жисмоний тайёргарлиги баҳоланиб, синовдан ўтганларнинг йиғма жилдлари “Темурбеклар мактаби”нинг қабул комиссиясига юборилади.

Тест синовларига рухсат этилган номзодларга мудофаа ишлари бошқармалари томонидан маълумотнома берилади. Маълумотнома умумтаълим мактабидан умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатномани олиш учун асос бўлади. Тест синовлари босқичи эса Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан ўрнатилган тартибда ўтказилади. Тест синовларини ўтказиш санаси, жойи ва вақти ўрнатилган тартибда белгиланади.

Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА мухбири