Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшларни турли ёт ғоялардан ҳимоя қилиш муҳим вазифа
11:18 / 2022-04-30

Бугунги кунда бутун инсоният тинчлигига раҳна солаётган терроризм, экстремизм, диний қарама-қаршилик, ноқонуний миграция, одам савдоси, ишсизлик, қашшоқлик сингари глобал муаммолар кучайиб бораётган бир даврда ёш авлод онгида мафкуравий иммунитетни шакллантириш долзарб вазифа саналади.

Қарши давлат университетида “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ва Қашқадарё вилояти Кенгаши томонидан “Экстремизм ва терроризм каби хавфли иллатлардан ёшларни асрайлик” шиори остида ташкил этилган Республика конференциясида ҳам шу хусусида сўз юритилди. Унда партия Сиёсий Кенгаши аъзолари, партия марказий аппарати ходимлари, депутатлар, фаоллар, ёшлар, хотин-қизлар ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди. 

Тадбирда юртимиз тинчлигини асраш, фаровонлиги ва ободлигини таъминлаш, экстремизм ва терроризм иллатларига қарши курашиш, аҳоли, айниқса, ёшлар орасида ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш ҳамда профилактик тадбирлар самарадорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатига алоҳида тўхталди. 

Муаммоларни бартараф этиш юзасидан жамоатчилик фикрини ва таклифларини ўрганишга, натижаси бўйича таклифлар ишлаб чиқишга эътибор қаратилди. Семинарда “Адолат” СДПдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси, Мадина Аллабердиева сўзга чиқиб, “Янги Ўзбекистон ёшлари – Учинчи Ренессанс яратувчилари” мавзусида бугунги кун ёшларининг фикр-мақсадлари, келажакдаги режаларини ва буни амалга ошириш борасида давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор ва яратилаётган шароитлар тўғрисида ўз фикрларини билдирди. 

Тадбир якунида иштирокчилар томонидан савол-жавоб, фикр-мулоҳазалар тингланиб, бугунги кунда олиб борилаётган ислоҳотлар юртимиздаги тинчлик ва осойишталикни асраш “Адолат” социал-демократик партиясининг дастурий мақсадлари ҳамда сиёсий платформаси билан ҳамоҳанг эканлиги таъкидланди. Сўнг Қарши туман Маданият марказида истеъдод вакиллари иштирокида “Янги Ўзбекистоннинг тинчлиги, фаровонлиги ва тараққиёти йўлида бирлашайлик” шиори остида маданий-маърифий тадбир ўтказилиб, санъаткорлар иштирокида тинчликни ва тотувликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар билан концерт дастури ўтказилди.

[gallery-6885]

Ўлмас Баротов, ЎзА
Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА