Жамиятда соғлом муҳитни яратишда, ёш авлодни ҳар томонлама жисмонан ва маънан камол топтиришда спорт ҳал қилувчи кучга эга.
Ҳаёт талаби ва тарбия услублари ўртасидаги бўшлиқни тўлдириш учун халқимизнинг бебаҳо қадриятлари ҳисобланган миллий спорт турлари, халқ ўйинлари ва жисмоний машғулотлар муҳим ўрин тутади. Бунда ўзбек жанг санъати спорт турининг аҳамияти катта.
Йиллар давомида ота-боболармизнинг жанг санъати техника ва ҳарбий услублар мероси ўрганилиб, бошқа жанг тизимининг энг самарали методлари билан бойитилиб, ўзбек жанг санъати ташкил этилган.
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида ўзбек жанг санъатини тарғиб қилиш ва мазкур спорт тури билан шуғулланувчи ёшлар кўламини кенгайтириш мақсадида ҳамкорлик учрашуви ташкил этилди.
Учрашувда Тошкент давлат педагогика университети ректори Алишер Умаров, Ўзбек жанг санъати Федерацияси раиси Пўлат Усмонов, Халқаро жанг санъати ассоциацияси ижрочи директори Азиз Жўрабоев ва Ўзбек жанг санъати Федерацияси Тошкент шаҳар бўлими вице-президенти Бекзод Тўхтасиновлар иштирок этди.
Учрашув давомида талабалар ҳамда университет атрофидаги маҳалла ёшларини ўзбек жанг санъати спорт тури билан мунтазам шуғулланишлари учун шарт-шароит яратиш, улар ўртасида мусобақалар ташкил этиш ва ушбу спорт турини янада оммалаштириш бўйича муҳокамалар бўлиб ўтди.
Шунингдек, университет талабалари учун ўзбек жанг санъати бўйича ўқув ҳамда жисмоний машғулотларни ташкил этиш билан ўзбек жанг санъати бўйича миллий спорт фестивалини ташкил этиш бўйича келишилди.
Ушбу келишувлар томонлар ўртасида ҳамкорлик меморандуми билан тасдиқланди.
Имзоланган меморандум асосида ҳамкорликни кучайтириш ва ўзбек жанг санъатига қизиқувчи ёшлар сафини янада кенгайтириш белгиланди.