Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида “Масъулиятли ота-оналик” лойиҳаси доирасида ўқув семинари бўлиб ўтди.
Оиладаги тарбия масъулиятини ошириш, фарзандлар тарбиясида ота-оналарнинг фаол иштирокини таъминлаш, баркамол авлодни вояга етказишда жамиятнинг барча қатламларини жалб этиш мақсадида ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда ёш авлодга берилаётган имкониятлар, жамиятимиздаги бола ҳақ-ҳуқуқлари, болага ҳам маънавий, ҳам жисмоний тарафдан тарбия таълими каби масалалар хусусида сўз борди.

Тадбирда қайд этилганидек, ҳар бир оилада фарзанд дунёга келар экан, уни асраб-авайлаш, уни баркамол инсон этиб тарбиялаш ота-она зиммасидаги энг муқаддас ва оғир масъулиятдир. Юртимиз равнақи, халқимиз келажаги учун муносиб авлодни вояга етказишдек юксак мақсадни ўз олдига қўйган ота-оналар чинакам фидоийлардир.
Замонавий даврда оталик масъулиятини англаш, фарзанд тарбиясида тўғри ёндашувни танлаш, бу борадаги билим, кўникма ва малакаларни эгаллаш ҳар бир инсондан жиддий эътибор ва масъулият талаб этади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш борасида бир қатор муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу ислоҳотлар ёшларда оилавий ҳаётга нисбатан масъулиятли муносабатни шакллантириш, уларни зарур билим ва кўникмалар билан қуроллантириш, мустаҳкам ва соғлом оилаларни барпо этишга хизмат қилади.

Бу борада университетда оилавий масалаларга оид махсус фанларни жорий этиш, малакали мутахассислар томонидан маърузалар ўтказиш, ёшлар учун оилавий ҳаётга тайёргарлик курсларини ташкил этиш каби кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, ўқитувчилар, хотин-қизлар қўмитаси фаоллари, психологлар томонидан ҳам тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Тадбирда соҳа мутахассислари томонидан мавзуга доир маърузалар тақдим этилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА