Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшларни китобхонликка ўргатайлик!
14:57 / 2022-02-17

-------------------------------------

Ўз тажрибамдан келиб чиқиб, сизларга айтадиган маслаҳатим шу: илмни қадрланг, илмга интилинг! Бир сония вақтингиз ҳам бекор ўтмасин! Ёшлик – умрнинг энг бебаҳо даври. Илм ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган, ҳечким сиздан тортиб ололмайдиган бойлик эканини асло унутманг! 


   Шавкат Мирзиёев 

Азиз ёшлар, ўтаётган умримизнинг ҳар бир куни турли хил синов, базан эса ташвишли ва шунингдек гоҳида мазмунли, инсонни яшашга, орзу ва шу билан бир қаторда ҳавас қилишга ундаган ҳолда кечади. 

Базан қўлимизга турли мавзу ва мазмундаги бадиий китоб олиб, ўзимизнинг маънан бойлигимиз, дунёқарашимизни кенгайтириш, бу ҳаёт синовларию ташвишларини бироз унутиш мақсадида ундан овунамиз. Асардаги ижобий қаҳрамонлардан ўзимизга кераклича ўрнак олиб, эзгу мақсадлар сари юксак марраларга интиламиз. Салбий образлардан эса улар каби нотўғри ва енгил йўлни танламаслик, бошқаларга ёмонликни раво кўрмаслик учун китобдан ўзимизга тарбия оламиз. Зеро, айтилганидек гоҳида “Тарбияни – тарбиясиздан ўрган”. 

Шу ўринда, кимдир ўқимоқчи бўлган роман ёки қиссадаги воқелик тезда тугаб қолмаслиги мақсадида 400 ёки 500 бетли китоб танласа, яна кимдир эса камвароғли, бироқ чуқур маъно ва мазмунга эга воқеиликни танлайди. Сабаби эса оддий, чунки базида ҳатто ўша икки оғизли сўз ҳам инсонни ўйга, чуқур мушоҳадага тортади. Сизга илинмоқчи бўлган ҳикоялар ҳам бунга мисол бўла олади. Қисқа аммо пурмано ушбу асарлар жаҳон адабиёти дурдоналарида ўзининг муносиб ўрнига эга саналиб, ҳали-ҳануз қатор халқаро мукофотларга сазовор бўлмоқда. 

Эрнест Хемингуэй ўз ижодкор дўстлари ва мухлислари билан ҳар қандай инсонни таъсирлантира оладиган, шунингдек, атиги олти сўздан иборат ҳикоя ёза олиши мумкинлиги ҳақида баҳс бойлаган. Унга ғалаба олиб келган ҳикоя: “For sale: baby shoes, never used…” (Болалар пойабзали сотилади, кийилмаган...). Бу ҳикоянинг мазмуни шундан иборатки, бир неча йиллар давомида фарзанд талаб оила ахири ҳаётларида ижобий янгилик бўлганида бахтдан қувониб, фақирона ҳаёт кечиришсада бор пулларига ҳали дунёга келмаган чақалоқ учун оёқ кийим сотиб олишади. Бироқ, чақалоқ туғилибон вафот этади... 

Бу каби қисқа бироқ, инсон маънавиятига таъсир кўрсатадиган, кишини ўйлантирадиган ҳикоялар жуда кўп. Қуйида улардан яна бир нечтасини мисол тариқасида келтирамиз. 

Анъанавий ҳикоячиликнинг тугун, кульминация ва ечим каби таркиблардан иборат бўлган энг қисқа ҳикоялар танловида О.Генри ғолиб бўлган: 

“Чекиб олган ҳайдовчи қанча ёқилғи қолганини кўриш учун бензобак томон эгилди. Марҳумнинг ёши йигирма учда эди”. 

Фредерик Браун энг қисқа, бироқ қўрқинчли фалсафий ҳикояни ёзган: “Ердаги охирги одам хонада ўтирарди. Бирданига эшик тақиллаб қолди...” 

Роберт Томпкинс. “Ҳақиқатни қидириб”: Ниҳоят, бу хилват, овлоқ қишлоқда унинг қидирувлари якунланди. Чириб, тўкилай деб қолган хароб кулбада милтиллаб турган олов ёнида Ҳақиқат ўтирарди. У умрида ҳеч қачон бундайин қари ва бадбашара аёлни кўрмаган эди. – Сиз Ҳақиқатмисиз? Қартайган, бурушиқ алвасти тантанавор бош силкиди. 

– Айтингчи, мен инсониятга сиз ҳақингизда билдиришим керакми? Уларга қандай хабарни етказай? Кампир оловга тупурдида, жавоб берди: –Уларга мени ёш ва соҳибжамол экан, деб айт! 
Алан Й. Майер “Омадсизлик” (ҳикоя): Танамдаги шиддатли оғриқдан уйғониб кетдим. Кўзимни очишим билан каравотим олдида турган ҳамширани кўрдим. 

– Мистер Фуджима, – деди у, – омадингиз бор экан, сиз икки кун аввал Хирасимадаги бомбардимондан омон қолдингиз. Ҳозир сиз госпиталдасиз, ортиқ хавф остида эмассиз. 

Мадорсизликдан базўр сўрадим: 

– Қаердаман. 

– Нагасакида, – жавоб берди у. 

Африкалик болакай томонидан ёзилган қуйидаги ушбу ҳикоя “2005 йилнинг энг яхши ҳикояси” халқаро танловида ғолиб бўлган: 

“Туғилганимда, мен қора эдим. Қора бўлиб улғайдим. Мен қуёшда узоқ турсам яна қораяман. Ҳаттоки ўлганимда ҳам қоралигимча қоламан. Сиз, оқлар эса: туғилганингизда – қизғиш бўласиз. Улғайганингизда – оқарасиз. Офтобда тобланганингизда – қизарасиз. Совқотганингизда – кўкарасиз. Қўрққанингизда – сарғаясиз. Ўзингизни ёмон ҳис қилганингизда –яшил тусга кирасиз. Ўлганингизда эса бўзарасиз, ва сиз мени рангли (қора танли) дейсиз”. 

Юқоридаги ҳикоялар шунчаки инсон кайфиятига таъсир кўрсатадиган бадиий асарлардан бир намуна ҳисобланади. Қадрли ва келажаги порлоқ ёшлар, бўш вақтингизни бадиий ва илмий китоблар билан дўст тутинишга сарфланг. Зеро, айнан китоб маънан бойлик ҳисобланади. Фақат ва фақат китобгина дунёқарашингизни ўзгартира оладиган, илм билан таъминлайдиган кучга эга. 



Дилдора Норалиева, 
Фарғона имкониятлари чекланган 
шахслар учун ихтисослаштирилган касб-ҳунар 
мактаби ўқитувчиси 
ЎзА