Маълумки, дунё аҳолисининг қарийб 20 фоизини ёшлар ташкил этади. Ўзбекистонда бу кўрсаткич 60 фоиздан ошади. Бугунги кунда юртимизда ёшларнинг бандлиги қанчалик таъминланаяпти?
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатувчи «Ишга марҳамат» мономаркази томонидан бу борада амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишамиз.
«Ишга марҳамат» мономарказида мамлакатимиз фуқаролари, айниқса, ёшларни тадбиркорлик асосларига ўқитиш, уларни ўзини ўзи банд қилиш орқали оиласига даромад келтириши учун қулай имконият яратилган.
Бундан ташқари, тадбиркорлик ва молиявий саводхонлик кўникмаларини шакллантириш бўйича мономарказда ҳар бир касбга ўқитиш соҳаси назарий машғулотлар қисмига 22 соатлик тадбиркорлик асослари ва ишсиз, ўз тадбиркорлигини бошламоқчи бўлган фуқароларга алоҳида «Тадбиркорлик асослари» махсус курслари киритилган.
Унда тадбиркорликни тўғри ташкил этиш, тадбиркорлик моделини тузиш, тадбиркорликнинг ички ва ташқи муҳитларини таҳлил қилиш ҳамда ўзаро боғлиқлигини, даромад олиш йўлларини ва даромадни тўғри йўналтиришни ўрганиш, тадбиркорлик стратегияси ва унинг келажакдаги истиқболларини белгилаш, маркетинг ва логистика тармоқларини, маҳсулот ва хизматларни бозорга тайёрлашни ўрганиш борасидаги энг муҳим тадбиркорлик сабоқлари бериб борилади.
Шунингдек, ўқув курсларда тадбиркорлик ҳуқуқи ва бозор иқтисодиёти асослари, бизнесни юритиш тартиб-таомиллари, молиявий саводхонлик, солиққа тортиш асослари, экспорт-импорт операциялари ва маркетинг асослари ўқитилади.
«Ишга марҳамат» мономарказининг «Тадбиркорлик асослари» махсус курслари учун мавзулар модуль тизимида тузилган бўлиб, ўқув-услубий қўлланма орқали дарс ўтилади.
Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг «Камбағал ва ишсиз аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, «Ишга марҳамат» мономаркази томонидан тингловчиларга тақдим этиладиган Сертификат – ўрта махсус, касб-ҳунар дипломи даражасига тенглаштирилган.
Таъкидлаш жоизки, аёллар ва ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорлик орқали даромадларини ошириш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади. Шунингдек, "Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор" тамойили асосида "Ёшлар 1+1" дастури доирасида Тошкент шаҳри туманларидаги «Темир дафтар»га киритилган 30 нафардан ортиқ аёлларга Тадбиркорлик асослари дарсларини ўзлаштирганлик тўғрисидаги сертификатлар топширилди.
Сертификатни қўлга киритган аёллар қўллаб-қувватланади ва уларга босқичма-босқич фаолиятларини бошлашда кўмак бериб борилади.
Шаҳноза МАМАТУРОПОВА, ЎзА