Маълумки, шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 29 йиллиги ҳамда ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказишга бағишланган ватанпарварлик ойлиги бўлиб ўтмоқда.
Ватанпарварлик ойлиги доирасида жойларда ёшларни ҳарбий хизматга бўлган иштиёқини ошириш, қалбида юртга меҳр, садоқат туйғуларини янада жонлантириш мақсадида тадбирлар ўтказилмоқда.
Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими бошқаруви ташаббуси билан Навоий шаҳар ҳокимлиги ва Ички ишлар вазирлиги Қоровул Қўшинларига қарашли 7532-сонли ҳарбий қисм ҳамкорлигида ойлик “Ватанга содиқ фарзанд бўлайлик” шиори остида ҳарбий-маърифий тадбир ҳамда “Очиқ эшиклар куни” бўлиб ўтди.
Навоий шаҳардаги маҳаллалар фаоллари, 1- ва 7- умумтаълим мактаблари ҳарбий синфи ҳамда ИИВ ҳузуридаги академик лицей ўқувчилари иштирок этган тадбирда Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими бошқаруви раиси Фахриддин Солиев ҳамда ҳарбий қисм командири подполковник Сафарали Садатов сўзга чиқиб, юртимизда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, мудофаа тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтишди.
Учрашувда 7532-сонли ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари томонидан Ватанни мадҳ этувчи қўшиқлар ижро тилиб, аскарларнинг жанговар чиқишлари, сафда юриш ва турли спорт мусобақалари ташкил этилди.
14-январь – “Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан ҳарбий хизматдаги намунали ҳулқи ва фаоллиги учун бир гуруҳ муддатли ҳарбий хизматчилар ҳамда тадбирнинг фаол иштирокчилари “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими ҳамда Навоий шаҳар ҳокимлигининг “Мақтов ёрлиғи” ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тадбир сўнгида “Очиқ эшиклар куни” муносабати билан ҳарбий техника ва қурол-яроғлар кўргазмаси бўлиб ўтди.
Абдували БЎРИЕВ, ЎзА