Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ёшларни эшитамиз!”
15:27 / 2025-08-14

Мазкур лойиҳа доирасидаги навбатдаги учрашув Самарқандда ташкил этилди ва унда битирувчи ёшлар билан мулоқот қилинди.

Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказидаги асосий студияда Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги раҳбарлари, бир қатор вазирлик ва идоралар масъуллари ҳамда самарқандлик йигит-қизлар жам бўлди. Шунингдек, республикамизнинг бошқа ҳудудларидан ҳам битирувчи ёшлар мазкур тадбирда онлайн қатнашиб, мутасаддиларга ўзларини қизиқтирган саволлар ва таклифлар билан мурожаат қилиш имкониятига эга бўлди.

– Давлатимиз раҳбарининг шу йил 30 июнь куни ёшлар билан ўтказган очиқ мулоқотида илгари сурилган таклиф ва ташаббусларни рўёбга чиқариш мақсадида йил якунига қадар мазкур платформа орқали ёшлар ҳаётига дахлдор масалалар юзасидан очиқ мулоқотлар ўтказилиши режалаштирилган, – деди учрашув аввалида Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев. – Ҳар бир учрашувда масъул раҳбарлар қатнашиб, ёшлар билан бевосита мулоқот қилади, уларнинг таклифлари, ғоялари ва муаммоларини тинглайди. Лойиҳа доирасидаги илк учрашув 24 июль куни Тошкент шаҳрида ёш тадбиркорлар ва ходимларининг асосий қисмини ёшлар ташкил этувчи ташкилотларнинг масъул раҳбарлари иштирокида ўтказилган эди. Бу галги мулоқотимиз эса айни кунларда долзарб масала бўлган битирувчилар бандлигини таъминлашга бағишланган. Хабарингиз бор, ўтган ҳафта якунида Президентимиз айни ушбу масала юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказиб, битирувчилар бандлигини таъминлаш, малакали кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича вазифаларни белгилаб берган эдилар. Бугун биз ҳам Самарқандга шу масалага дахлдор вазирлик ва идоралар раҳбарларининг таклифи билан битирувчиларни эшитишга қарор қилдик. Мақсадимиз битирувчи ёшларнинг бандлигини таъминлаш, муаммо ва таклифларини эшитиш ҳамда ечим топиш, шунингдек, йигит-қизларнинг ғояларини қўллаб-қувватлашдир.

Учрашувда самарқандлик ва юртимизнинг турли ҳудудларидаги студиялардан қатнашаётган битирувчиларнинг саволлари, таклифлари эшитилди.

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти битирувчиси Беҳруз Фазлиддинов жойларда ўтказилаётган бўш иш ўринлари ярмаркаларида иш берувчилар номигагина, кам маошли иш жойларини таклиф этиб иштирок этаётгани ва бундай тадбирлар битирувчи ёшларга фойда бермаётганини қайд этди. Шунингдек, олий ўқув юртларида тайёрланаётган мутахассисликлар амалиётда эҳтиёж мавжуд йўналишларга тўғри келмаётгани, тижорат банклари томонидан ажратилаётган кредит фоизи ва суммаларини белгилашда ёшларнинг имкониятлари ҳисобга олиниши зарурлигини билдирди.  

Мазкур масалалар юзасидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Марказий банк масъуллари изоҳ бериб, таклифлар ўрганиб чиқилишини билдирди.

Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети магистранти Азизбек Маҳмудов эса қурилиш соҳаси бўйича таҳсил олаётган талабаларга ҳам худди педагогика йўналишидаги талабалар сингари ўқиш ва амалиёт даврида ишлаб, касб бўйича кўникма ва маҳоратга эга бўлишларига имконият яратиш таклифини билдирди. Ушбу таклиф ҳам мутасаддилар томонидан маъқулланиб, бу борада тегишли ҳужжат тайёрланиши айтилди.  

 Фарғона шаҳридаги имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган техникум битирувчиси Моҳинур Абдураҳмонова ўз яшаш жойи – Фарғона тумани Шоҳимардон қишлоғидаги таълим ва тиббиёт муассасаларида олий маълумотли кадрлар етишмаслигини қайд этди.

– Бизнинг қишлоғимизга Қирғизистон чегарасини кесиб ўтишга тўғри келса-да ва ҳудудимиз чекка ҳисобланса ҳам олий таълим муассасаларига қабулда бу жиҳатлар эътиборга олинмайди. Шунинг учун бизнинг қишлоғимизда мутахассисларга эҳтиёждан келиб чиқиб, олий ўқув юртларига ўқишга киришда алоҳида квота ажратилса, деган таклифни айтмоқчи эдим, – деди у.  

Мазкур таклиф юзасидан олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари ушбу масала вазирлик эътиборида эканлиги ва келгуси йилдан Шоҳимардон учун мақсадли қабулда алоҳида квоталар белгиланиши кўриб чиқилаётганини айтди.

Учрашув давомида айтилмаган савол ва таклифлар Ёшлар ишлари агентлигининг махсус платформаси орқали қабул қилиниши ва уларга тегишли вазирлик ва идоралар томонидан жавоб берилиши, таклиф ва ташаббуслар келгусида қабул қилинадиган дастур, режаларда инобатга олиниши маълум қилинди.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА мухбири