Мамлакатимизда пахта яккаҳокимлигига мутлақо барҳам берилиб, давлат монополиясидан чиқарилди. Ғаллани етиштирган деҳқонларимиз ҳосилни эркин нархда сотмоқда.
Тан олиш керак, бундан 4-5 йил олдин ҳокимларга пахта ёки ғалла режасини бажарилишига қараб баҳо берилган. Режалар бажарилмаса ишдан кетган. Бу амалиётдан бугунги кунда мутлақо воз кечилди. Миришкор деҳқон, фермерларимизнинг эркинлиги таъминланди.
Кластерлар фермерлар билан ўзаро ҳамкорликда фаолият олиб боришмоқда. Кластерлар фермерларга кўмакчи бўлиб, маҳсулотларни етиштиришдан тортиб сотишгача ўз зиммасига олган.
Бизга янгича яшаш, янгича фикрлар, янгича ишлаш учун ким тўсқинлик қилаяпти? Ким қўлимизни ушлаб турибди? Ҳеч ким ушлаб тургани йўқ. Бугун фермер, деҳқонларимиз ўз мулкига, ўз ерига эгалик қилмоқда. Деҳқонларимиз ўзи маҳсулот экиб, мўмайгина даромад топишяпти. Бунда албатта, давлатимиз раҳбари томонидан фермер, деҳқонларимиз қўллаб-қувватланаётгани, ер ўз эгасига берилаётгани катта имконият ва имтиёзларнинг натижасидадир.
Бундан ташқари Давлатимиз томонидан ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида ҳар бир ишсиз ёшга 1 гектардан ер ажратилмоқда. Хотин-қизлар қўллаб-қувватланмоқда. Энг қувонарлиси, хорижга иш излаб кетган кўплаб фуқароларимиз Ўзбекистондаги бу янгиланишларни эшитиб, юртимизга қайтиб келишмоқда.
Яқинда Президентимиз “Деҳқон хўжаликлари тўғрисида” ва “Томорқа хўжалиги тўғрисида”ги Қонунларни имзолади. Ана шу икки қонуннинг кучга кириши ерлардан унумли фойдаланиш, кичик ер эгаларини қўллаб-қувватлаш, ёшлар бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Биргина «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги Қонунда 18 ёшга тўлган, муомалага лаёқатли бўлган, ўзига деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкаси мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ёки ижара (иккиламчи ижара) ҳуқуқи асосида берилган Ўзбекистон фуқароси ёки Ўзбекистон ҳудудида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахс деҳқон хўжалиги бошлиғи бўлиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган. Шунингдек, деҳқон хўжалиги ўз ихтисослашувини, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги экинларининг турлари ва ҳажмларини, уларни етиштириш ҳамда агротехник тадбирларни ўтказиш усулларини ҳамда деҳқон хўжалиги ўзи ишлаб чиқараётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бозордаги талаб ва таклиф нисбатидан келиб чиқиб нархларни ҳам мустақил равишда белгилайди.
“Томорқа хўжалиги тўғрисида”ги Қонунда ҳам қатор имтиёзлар белгилаб берилмоқда. Қонунга кўра, томорқа хўжалиги шахсий томорқа ер участкаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ҳам эркин савдо учун, ҳам оила эҳтиёжлари учун етиштириш (қайта ишлаш) билан боғлиқ меҳнат фаолияти ҳисобланади. Бунда томорқа хўжалиги тадбиркорлик фаолиятига киритилмайди ва уни давлат рўйхатидан ўтказиш талаб этилмайди. Албатта, бу аҳоли учун катта имконият ва имтиёздир.
Қонунда шахсий томорқа ер участкаларидан томорқа хўжалигини юритиш учун фойдаланувчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳам белгилаб қўйилган. Хусусан, улар томорқа хўжаликларини эркин ва мустақил равишда бошқариш, шу жумладан етиштирилган ҳамда мустақил тарзда қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини эркин реализация қилиш, мустақил равишда нарх белгилаш ва олинган даромадларни тасарруф этиш ҳуқуқига эгалар.
Мазкур иккала Қонунлар фермер-деҳқонларимизни ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқларини қонуний мустаҳкамлаб қўйиш баробарида эркин фаолият юритишида замин яратади.
Яна бир ҳаётий мисолни келтириб ўтмоқчиман. Мен Наманган вилоятига борганимда, илгари бўш турган ва ҳозирда ёшлар ихтиёрига топширилган ерларда янги боғлар барпо қилинган, ниҳоллар қатор ораларига турли экин парваришланаётганига кўзим тушди. Ёки бўлмаса, томорқасида етиштирган маҳсулотни хорижга экспорт қилаётган, кооперация тузиб, фаолият кўрсатаётган ўнлаб ёшлар билан фикрлашдим, Уларнинг гапларига кўра, юртимизда кўплаб ерлар ёшлар ихтиёрига берилаётгани туфайли шу ернинг ўзида хориждагидан кўра кўпроқ даромад топишаётган экан.
Мен уларнинг бирига “энди Россияга бормайсанми?” деб сўрадим. У “Бораман, ишчи бўлиб эмас, тадбиркор сифатида, ўзим етиштирган маҳсулотни сотиш учун бораман” деган гапни айтди. Яна бири эса “Россия бозорларини ўзимизнинг маҳсулот билан бойитиб, ўзим ҳам бой бўламан” деди. Қаранг, фикрлар зўр, бу фикрлар уларда меҳнатга иштиёқ уйғотмоқда, ўз юрти, ўзи туғилиб ўсган тупроқдан ғурурланиш ҳиссини оширмоқда.
Бу борада салбий ҳолатлар кўзга ташланмаслиги лозим. Яъни ерларни таниш-билишчилик орқали бериш, ишсиз, ночорлар қолиб, ўзига тўқ, бадавлат оилаларга ер ажратиш, ёшларни тингламаслик, ёшлар билан учрашишга вақт топа олмаслик каби салбий ҳолатларга бутунлай барҳам беришимиз керак. Ана шу долзарб масалалар бўйича маҳаллий Кенгаш депутатлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам ҳамкорликда қатъий иш олиб боришимиз лозим.
Барно Мирзамова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
аграр ва сув хўжалиги масалалари
қўмитаси аъзоси