Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшларимизни жаҳолатдан асрайлик
11:21 / 2025-11-25

Тошкент шаҳри Сергели туманидаги Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумида ёшларни гиёҳвандлик ва экстремистик оқимлар таъсиридан огоҳ этишга қаратилган ҳуқуқий-маърифий тадбир ўтказилди.

ИИВ академияси магистратураси билан ҳамкорликда ташкил қилинган учрашувда техникум раҳбарияти, ўқувчи ёшлар ва ўқитувчилар иштирок этди.

Тадбирда ёшларга оид давлат сиёсати доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, келажак авлодлар тақдири йўлида яратилаётган имкониятлар, шу билан бирга, ёшлар маънавиятига таъсир кўрсатаётган иллатлар, уларнинг олдини олиш чоралари ва ҳуқуқий оқибатлари ҳақида сўз борди.

Магистратура тингловчилари сўзга чиқиб, ёшлар томонидан гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва диний ақидапарастлик билан боғлиқ содир этилаётган жиноятлар, уларнинг асл омиллари, мамлакатимиз қонунчилигида бу турдаги ҳуқуқбузарликлар учун белгиланган жавобгарлик масалаларига атрофлича тўхталди.

– Энг ачинарлиси, аксарият ёшларимиз ўз қилмишининг оқибатини ўйламаган ҳолда жиноятга қўл урмоқда. Шунинг учун ёшлар таълим-тарбиясида “оила – маҳалла – таълим муассасалари” ҳамкорлигини кучайтириш, ҳуқуқий-маърифий тарғиботлар орқали уларнинг онги ва қалбига кириб боришимиз зарур, – дейди подполковник Азимжон Холиқов.

Тарғибот давомида амалдаги қонунчиликда белгиланган нормалар, Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга киритилган қўшимчалар, давлатимиз раҳбарининг “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармони билан амалиётга жорий қилинган механизмлар ҳақида тушунча берилди. Ёшлар интернет тармоғи ва бошқа омиллар туфайли юзага келаётган хавф-хатарлардан огоҳ бўлиши, мафкуравий таҳдидларга қарши иммунитетини ошириб бориши лозимлиги таъкидланди. 

Айтиш жоизки, бу каби тарғибот тадбирлари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан ҳамкорликда пойтахтимиз ҳамда Тошкент вилоятидаги ўқув муассасаларида ташкил қилинмоқда. 

Жамшид ХОЛОВ,

ИИВ академияси Ахборот хизмати