Ватан сарҳадларини, унинг обрў-эътиборини халқаро майдонларда муносиб ҳимоя қиладиган салоҳиятли ёшларни камолга етказиш, уларнинг интеллектуал билимларини бойитишда Миллий гвардия тизимидаги таълим даргоҳларининг алоҳида ўрни бор.
Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Ўсмирларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва давлат хизмати учун кадрлар захирасини тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида айтиб ўтилганидек, қадриятларга, халқларнинг маданияти ва ўзлигига таҳдидлар, ёд ғояларни сингдиришга уринишлар кучайиб бораётган таҳликали замонда интеллектуал салоҳиятга, замонавий фикрлаш ҳамда дунёқарашга эга, мамлакатимиз манфаатлари ва суверенитетини фидокорона ҳимоя қиладиган, жисмонан соғлом ва маънан етук ёш авлодни тарбиялаш бугунги куннинг устувор вазифаларидан бири саналади.
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Тошкент шаҳар “Темурбеклар мактаби” ҳамда Ҳарбий мусиқа академик лицейида ўтказилган тадбирда шу ҳақда сўз борди.
Сўзга чиққанлар жамиятнинг турли соҳаларида, жабҳаларида меҳнат қилаётган ҳар бир инсон қайсидир маънода ўз йўналиши, иш тартибига кўра ватан ҳимоячиси эканлиги, оилаларда, маҳаллаларда, таълим даргоҳларида ёшларимизни ватанпарвар, қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтиришимиз зарурлигини таъкидлади.
Мамлакатимизда янгича таълим тизими шаклида ташкил этилган “Темурбеклар мактаб”ларида бу борада самарали иш олиб борилаётгани, миллий армиямизни ҳар томонлама етук кадрлар билан таъминлашда Миллий гвардия тизимидаги ҳарбий таълим даргоҳларининг ўрни беқиёслиги, мазкур масканларда таҳсил олаётган ўқувчи-ёшлар Ватанимиз тинчлиги ҳамда осойишталигини мустаҳкамлашга ўз ҳиссаларини қўшишларига, Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам қанотларига айланишларига ишонч билдирди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/DtQaw1EXe68" title="Yoshlarimiz Yangi O‘zbekistonning mustahkam qanotlaridir" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Т.Рўзиев,
Х.Абрайқулова, А.Содиқов (видео), ЎзА